
МУРОЖААТДАГИ ТАЛАБ ЖОЙИДА БОРИБ ЎРГАНИЛДИ
Жорий йилнинг 11 апрель куни Шаҳрисабз тумани “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини Бешкапа қишлоғида яшовчи фуқаро Хуршид Диёровнинг youtube.com ижтимоий тармоғида “Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев учун…” номли видеомурожаати юзасидан туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи жойида бориб ўрганди.
Ушбу видеомурожаатда келтирилишича фуқаро Хуршид Диёров “ботқоқлик” ва “ташландиқ” дея таъкидлаб ўтган ер майдонини боғдорчилик қилиш мақсадида сўраётганлиги, бир неча йиллар давомида қаровсиз дея айтиб ўтилган ер майдонида боғ яратганлиги, юқоридаги “ботқоқлик” ва “ташландиқ” ер майдонида ҳам худди шундай боғ ташкил этишини билдириб ўтган.
Ишчи гуруҳ ушбу мурожаат юзасидан мурожаатчи иштирокида жойида бориб ўрганганида юқорида “ботқоқлик” ва “ташландиқ” дея таъкидланган ер майдони ҳудуди аслида “Қорасув” дарёси ҳимоя зонаси эканлиги аён бўлди.
Бу борада ишчи гуруҳ фуқаро Хуршид Диёровга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрдаги 981-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналарини белгилаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига асосан дарё муҳофаза зонаси бўлган ер майдонидан ҳар қандай мақсадда фойдаланиш қатъиян таъқиқланганлиги ҳақида тушунтириб ўтишди.
Шунингдек, фуқаро Хуршид Донёровнинг қаровсиз ётган ер майдонига ташкил этган боғи кўздан кечирилганида 0.30 гектар яйлов ер майдонида ўз ҳисобидан боғ ташкил этганлиги аниқланди. Бу борада ишчи гуруҳ фуқаро Хуршид Донёровга ушбу ер майдонини деҳқон хўжалиги сифатида фойдаланиш мақсадида туман ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи комиссиясига ёзма равишда ариза билан мурожаат этиши лозимли ҳақида тушунтириш ишларини бериб ўтишди.
Аслида ҳам мурожаатларнинг аксарияти қонунчилигимизни яхши билмаслик оқибатида фуқаролар ўз мурожаатларини турли юқори ташкилотларга юборишни одат тусига айлантириб олишган. Биз фуқаро Хуршид Донёров билан суҳбатлашганимизда у ўз масаласи юзасидан ақалли бирор марта ҳам туман ҳокимлигига ёки республика вазирлик ташкилотларнинг қўйи бўлимларига мурожаат этмаганлигини айтиб ўтди. Ушбу масалани атрофлича ўрганганимизда эса мурожаат мазмуни қонунчилигимизда кўрсатиб ўтилган талабларга мос келмаслиги аён бўлди.
Бу борада фуқароларимизга ўз мурожаатлари юзасидан биринчи галда туман ҳокимлигига ёки соҳа йўналишидан келиб чиққан ҳолда корхона, ташкилот, муассасаларнинг туман бўлимларига мурожаат этишларини сўраган бўлар эдик.
Уйда қолинг!
Сарварбек Примов
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари