
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Шаҳрисабз туман ҳокими Исроил Амановнинг соҳа ходимларига БАЙРАМ ТАБРИГИ
Азиз шаҳрисабзликлар!
Қадрли журналистлар ҳамда блогерлар!
Мен аввало Сизларни, Сизлар орқали бутун кўҳна Кеш аҳлини 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами билан қизғин муборакбод этаман.
Шуни яхши биламизки, сўз эркинлиги жамиятда демократик тамойилларни қарор топтириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини том маънода ҳимоялаш, ҳаётимизда юзага келаётган бюрократик тўсиқлар, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларни бартараф этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Мана шуни эътиборга олган ҳолда Юртбошимизнинг ташаббуси билан Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш масаласига устуворлик бериб, оммавий ахборот воситаларини ҳақиқий маънода тўртинчи ҳокимият даражасига кўтариш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, сўнгги уч йил давомида бу борада олиб борилаётган ишларнинг салмоғини ҳеч нарса билан баҳолаб бўлмайди.
Эндиликда блогер ва журналистларимиз телерадиоканаллар, ижтимоий тармоқлар ҳамда босма нашрлар орқали ўз сўзларини эркин ифода этиб, жамиятимизда юзага келаётган муаммо ва камчиликларни кенг жамоатчилик эътиборига олиб чиқишаяпти. Бунинг натижасида аҳолига муносиб турмуш тарзини яратиб бериш, ҳудудларни ободонлаштириш бўйича матбуотда кўтариб чиқилаётган муаммолар маҳаллий ҳокимиятлар томонидан жойида тезда бартараф этилмоқда.
Шуни эътироф этиш керакки, ОАВнинг халқимизнинг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, маданий-маърифий, иқтисодий билимларини ўстириб боришдаги ўрни ҳам ниҳоятда салмоқлидир. Бугун инсонлар дунёнинг у чеккасида рўй берган воқеа-ҳодисалардан шу дақиқанинг ўзида хабардор бўлишаяпти. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари матбуотда ҳар қачонгидан-да кенгроқ ёритилаяпти.
Инсон жамиятда ўз ўрнини топиши учун ҳамиша изланишда бўлиши, ўқиб-ўрганиши, билим ва савиясини муттасил ошириб бориши керак. Аҳолининг ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий билим савиясини ўстириб боришда босма нашрларнинг ўрни алоҳида эканлигини ҳеч биримиз инкор қилолмаймиз.
Тўғри, «мажбурий обуна» масаласи бугун ҳаётимиз кун тартибидан олиб ташланди. Аммо бу ҳеч биримизни « энди газета-журналларни мутолаа қилмасак ҳам бўлади» деган нотўғри тушунчага олиб келмаслиги керак.
Чунки, босма нашрларда мунтазам бериб борилаётган илмий-назарий, таҳлилий-танқидий мақолалар, бадиий публицистик очерклар, қизиқарли ҳикояларни ўқиб борсак, дунёқарашимиз янада кенгаяди. Қайси бир касбда ишламайлик, ўз салоҳиятимизни намоён эта оламиз.
Айни пайтда туманимиз ва шаҳримизда ягона босма нашр «KESH» чоп этиб келинмоқда. Мазкур газетанинг босмадан чиқа бошлаганига яқинда 90 йил тўлади. Бу нашр аҳолимиз ва оилаларимизнинг маънавий эҳтиёжини қондириш йўлидаги хизматларини айтиб ўтмасак, адолатдан бўлмайди. Таҳририятда амалиёт ўтаб, ёки ишлаб ўз маҳоратини оширган 200 дан зиёд журналистларимиз нафақат туман, балки вилоят, республикамиздаги ОАВларда, давлат идораларида самарали фаолият юритиб келишмоқда. Бу нашрда илк бор ўзининг назм ва насрдаги ижод намуналарини чоп эттирган ўнлаб иқтидорли ёзувчи ва шоирларимиз бадиий ижод борасида китобхонлар меҳрини қозонган. Лекин таҳририятда охирги икки йил ичида юзага келган иқтисодий қийинчиликлар газетанинг даврийлигига ўз таъсирини кўрсатмай қолмаяпти.
Бугунги иқтисодий қийинчиликлар албатта ўтиб кетади. Лекин, Шаҳрисабзнинг қадимги номи билан чоп этиб келинаётган «KESH»ни нафақат сақлаб қолишимиз, балки уни янада ривожлантиришимиз, унинг газетхонлар орасидаги нуфузини оширишимиз, Амир Темурнинг киндик қони томган муқаддас заминда яшаётган барчамизнинг фарзандлик бурчимиз саналади.
Туманимизда фаолият олиб бораётган барча таълим ҳамда тиббиёт муассасалари, жамоат ташкилотлари, мулк шаклидан қатъий назар, тадбиркорлик тизлмалари, фермер хўжаликлари вакиллари, айниқса раҳбарларимиз ихтиёрийлик асосида нашримизга обуна бўлишиб, уни қўллаб-қувватласалар, маънавиятимизнинг юксалишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган бўлишарди.
Яна бир бор барчангизга байрам муборак бўлсин, азизлар!
Исроил Аманов
Шаҳрисабз тумани ҳокими