ЎЗИНИ АСРАГАННИ, ЯРАТГАН ҲАМ АСРАЙДИ

Қуйида Шаҳрисабз туман ҳокими Исроил Аманов туман аҳлига яна бир бор мурожаат йўллади.

Ҳурматли шаҳрисабзликлар!

Коронавирус пандемияси бугун дунёдаги мана ман деган давлатларни тиз чўктиряпти. Сабаби бу балонинг офатидан ҳеч ким ҳимояланган эмас.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселекторда энг аввало айнан коронавирус пандемиясига қарши курашиш, унинг келтирадиган асоратларини олдини олиш мақсадида гапира туриб, “Ҳар бир фуқаро, аввало, ўзининг соғлиғи-саломатлиги ҳақида қайғуриши керак, деган фикрни билдирди.
Бу бежизга айтилгани йўқ. Сабаби, ҳар бир инсон пандемия даврида ўзини, оила аъзоларини, яқинларини асраш ҳақида бугун давлатимиз томонидан жорий этилган карантин қоидаларига тўла амал қилса, билингки, бу ўзининг ижобий самарасини беради.
Айрим шаҳрисабзликлар ҳорижий давлатларда ёки бўлмаса мамлакатимизнинг қизил ҳудудларига киритилган жойларда ишлаб, меҳнат қилиб, оиласига қайтаяпти. Лекин, шуни афсус билан айтиш керакки, мана шу фуқароларимизнинг деярли аксарияти ўз оила даврасига кириб келишидан олдин, хаттоки, тиббий кўрикдан ўтишни жойи келганда лозим деб топмаяпти. Айнан мана шундай салбий ҳолатлар бугун аҳоли ўртасида коронавирус пандемиясининг тарқалишига туртки бўлаяпти.

Ҳурматли юртдошлар!

Шуни унутмангки, бу бало айнан бизнинг эътиборсизлигимиз, лоқайдсизлигимиз туфайли, халқимиз орасига тарқалиш хавфи ниҳоятда юқоридир. Сабаби бу вирусни юқтирган битта фуқаро нафақат ўз оила аъзоларини, балки маҳалла аҳли, яқинларининг ҳаётига ҳам жиддий хавф тўғдириши мумкин.
Шунинг учун сиз хорижий давлатдан, ёки бўлмаса мамлакатимизнинг қизил, сариқ ҳудудига киритилган минтақалардан ишлаб келаяпсизми, энг аввало, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтинг. Бу билан сиз, нафақат ўзингизни балки, оила аъзоларингизни, қолаверса, бутун элимизнинг хавфсизлиги таъминлаган бўласиз.
Бугун, бутун Европа ва дунё ҳамжамияти Шаҳрисабзни буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг киндек қони томган макон сифатида билади ва қадрлайди. Ҳозирги Шаҳрисабз айнан мана шу улуғ зотнинг юксак салоҳияти туфайли дунё маданиятининг эътибори ва эътирофига тушган.
Шундай экан, бугун шаҳрисабзликлар, дунё давлатларини ларзага солаётган коронавирус пандемиясини одилона енгиб ўтиш, халқимизнинг бирлиги, ҳамжиҳатлиги ва ҳамкорлигини намоён эта олиши билан ажралиб туриши керак.
Президентимиз ўзбек халқининг бу балога қарши курашиш бўйича ҳамжиҳатлигидан куч ва ирода олиб, ушбу офатнинг таъсирини камайтириш бўйича қатъий чоралар кўраяпти. Демак ҳаммамиз юртбошимиз атрофига бирлашиб, жипслашиб ҳаракат қилсак, ҳеч шубҳа йўқки, яқин келажакда батамом Янги Ўзбекистонга эга бўламиз.

Исроил Аманов
Шаҳрисабз тумани ҳокими