ҲОКИМ “CALL-MARKAZ”И ФАОЛИЯТИНИ ЎРГАНДИ

ҲОКИМ “CALL-MARKAZ”И ФАОЛИЯТИНИ ЎРГАНДИ

Коронавирус пандемияси даврида аҳолига сифатли тиббий тез ёрдам кўрсатиш, уларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва бу борада зарур маслаҳатлар беришда “call-markaz”ларнинг хизмати ниҳоятда юқори бўлаяпти.

Яшканба куни Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов туман “call-markaz”га ташриф буюриб, унинг фаолиятини чуқур ўрганди. Мазкур “call-markaz”ида малакали шифокорлар гуруҳи жалб этилган бўлиб, у 24 соат давомида фаолият кўрсатиб келаяпти. Ходимларнинг самарали ишлаши учун бу ерда зарур барча шарт-шароитлар яратилган. “Call-markaz”ида юқори тезликда ишловчи оптик толали алоқа воситалари ўрнатилган бўлиб, улар интернет тизимига уланган. Бу эса фуқаролардан бўлаётган ҳар қандай мурожаатларни ўз вақтида қабул қилиш, компьютер ёрдамида уни қайд этиш имкониятларини бераяпти.

Шу куни туман ҳокими Исроил Аманов ҳам фуқаролардан тушаётган оғзаки мурожаатларни шахсан ўзи қабул қилиб, дори-дармонга эҳтиёжи бўлган оилаларга тиббиёт муассасалари орқали амалий ёрдам кўрсатишни ташкил этди.

— Бугун мураккаб бир шароитда фуқароларнинг саломатлиги билан боғлиқ бўлган ҳар қанай мурожаат эътибордан четда қолдирилмаслиги керак, — дейди Исроил Аманов марказ ходимлари билан суҳбатда. – Айниқса, коронавирус пандемиясининг аломатлари кузатилган беморлар тезда шифохоналарга ётқизилиб, улар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилишлари шарт. Чунки, бу билан биз туманимизда пандемиянинг тарқалишини олдини олган бўламиз.

Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, мазкур “call-markaz”и жорий йилнинг 16 июль куни ташкил этилган бўлиб, ҳозиргача 1000дан зиёд фуқароларимизнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилди.

Туманимиз фуқароларига мазкур “call-markaz”ининг доимий ишлаб турган 75.523-15-60, 75.523-15-61, 75.523-15-62, 75.523-15-63, 75.523-15-64 телефон рақамларини маълум қиламиз.

Агар соғлиғингиз безовта қилса, Сиз мана шу телефон рақамларга мурожаат этинг. Бу билан ўзингизнинг саломатлигингизни асраган бўласиз.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати