КОРХОНАНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ЎРГАНДИ

КОРХОНАНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ЎРГАНДИ

Паррандачилик етти хазинанинг бири саналади. Айниқса, тухум маҳсулотлари ўзининг тўйимлилиги билан аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондиришда муҳим ўрин тутади.

Жорий йилнинг 27 июль куни Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов куз-қиш мавсумида аҳолига тухум маҳсулотлари етказиб бериш бўйича “Эко парранда” масъулияти чекланган жамиятининг имкониятларини ўрганиш мақсадида корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти билан яқиндан танишди.

— Корхонамизда ҳозирги кунда 30 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланган бўлиб, асосий фаолиятимиз сифатли парранда тухуми ишлаб чиқаришдан иборат, — дейди туман ҳокими билан суҳбатда МЧЖ раҳбари Муҳиддин Умидов. – Бизда асосан икки турдаги сариқ ва оқ рангдаги тухумлар ишлаб чиқарилади. “Фенди” зотли товуқлардан олинаётган сариқ рангдаги тухумларга ички ва ташқи бозорда эҳтиёж ниҳоятда юқори. Жорий йилнинг ўтган 6 ойида пандемия туфайли карантин чоралари қўлланилишига қарамасдан, корхонамиз томонидан 8 миллион 600 мингдан кўпроқ, қиймати 3 миллиард 41 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ташқи ва ишчи бозорларга етказибб берилди. Сариқ тухум маҳсулотининг 1 миллион 64 минг донаси ёки 60 минг 441 АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот қўшни Афғонистон давлатига экспорт қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларга кўрсатаётган катта ғамхўрлиги ва эътибори ишимизнинг сифат ва самарадорлигини оширишда бизга ниҳоятда мадад бўлаяпти. Қолаверса, бугун дунё бозорида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ортса ортаяптики, камайгани йўқ. Карантин даврида туманимиз, қолаверса, бутун республикамиз аҳолисини сифатли тухум маҳсулотлари билан таъминлашдек хайрли ишга ҳисса қўшиш мақсадида аниқ чора-тадбирларни белгилаб олганмиз. Масалан, инкубациямизда кетма-кет жўжалар очирилиб, улар 100 кун давомида рацион асосида парваришлаб, эмлаб, тухум очиришга қўяяпмиз. Мана шуни ҳисобига иккинчи ярим йилликдаги белгиланган режаларни ҳам ошиғи билан бажарамиз ва туманимиз аҳолиси учун ҳам тухум маҳсулотларидан иборат озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратишда ўзимизнинг ҳиссамизни қўшамиз.

Карантин даврида бизнинг жамоа ҳам ҳайрия тадбирларидан четда тургани йўқ. Тумандаги “Саховат ва кўмак” маркази орқали кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга 10 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳайрия этилди. Шу билан бирга, сув тошқинидан зарар кўрган сардобаликлар учун ҳам 10 миллион сўмик сара тухум маҳсулотлари етказиб берилди.

Туман ҳокими корхона фаолиятини кўздан кечираркан, пандемия шароитида мамлакатимиз аҳолисига тухум маҳсулотларини етказиб беришни кўпайтириш мақсадида иккинчи ярим йилликда ишлаб чиқаришни ошириш бўйича ўз тавсияларини берди. Бунда асосий эътиборни куз-қиш ойларида туман аҳолисига сотиш учун қўшимча маҳсулот заҳираларини яратишлари кераклигини таъкидлаб ўтди.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари