ИШЛАМАГАН КОМИССИЯ ЭНДИ ИШЛАЙДИ

ИШЛАМАГАН КОМИССИЯ ЭНДИ ИШЛАЙДИ

Коронавирус пандемияси даврида Қурбон ҳайити байрами арафасида Президентимизнинг 30 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга 1 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилган эди. Лекин, ҳақиқий ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқлаш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинида тузилган ишчи комиссиялар тўғри ва адолатли ташкил этилмаганлиги сабабли жойларда фуқаролар ўртасида турли норозигарчиликлар юзага келганига гувоҳи бўлдик.

Мана шундай салбий ҳолатларни олдини олиш мақсадида Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Хасанов маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, келгусида ажратиладиган моддий ёрдам пулларни манзилли ва ҳақиқий муҳтожларга йўналтириш бўйича ишчи гуруҳларни олдига муҳим вазифаларни қўйди. Хусусан, тумандаги Хужахуросон, Авазмалик, Шанбе, ва Равот маҳалла фуқаролар йиғинларида туман ҳокими Самад Хасанов ўтказган йиғилишларида атрофлича муҳокама қилинди.

— Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини аниқлашда белгиланган меъёр нормалари бўлиб, унда айнан оиланинг ижтимоий аҳволи, моддий таъминоти ва даромад манбаалари ҳамда ночорлик даражаси чуқур эътиборга олиниши керак, — дейди Самад Хасанов. – Бу талабларни бузган ишчи комиссиялар белгиланган тартибда қонун олдида жавоб беришади. Айниқса, бу масалада таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, қўни-қўшничилик сингари маҳаллийчиликларга йўл қўйиб бўлмайди. Энг асосийси адолат меъзонига амал қилиб, ночор деб топилган оилаларни ишчи комиссия йиғилишида кўриб чиқиб, шундан сўнг моддий ёрдамга тақдим этишса, ҳар қандай ноҳақликлар ва норозигарликларнинг олди олинади.

Шунингдек, туман ҳокими маҳаллаларда жамоатчилик назоратини кучайтиришга ҳам эътибор қаратиш зарурлигини айтиб ўтди.
Энди ҳар бир ишчи комиссияси юқоридаги меъзон талаблардан келиб чиққан ҳолда кам таъминланганлар рўйхатига киритилган оилаларни кўриб чиқиб, бу борада ўзларининг тегишли қарурларини қабул қиладилар.

Хулоса қилиб айтганда энди ишламаган комиссиялар қатъий талаб асосида ишлайди.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги матбуот хизмати