ЭНДИ МАҲАЛЛАНИНГ ИДОРАСИ БЎЛАДИ

ЭНДИ МАҲАЛЛАНИНГ ИДОРАСИ БЎЛАДИ

Биламизки, аҳолининг асосий қатлами бугун ўз муаммоларини фуқаролар йиғини идорасига бориб, маҳалла оқсоқолига мурожаат билан юзланишади. Ўз ўрнида маҳалла раисининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш қабулхонаси бўлмаса, устига-устак, фуқаролар йиғинининг ходимлари учун ўтириб ишлашга жойи бўлмаса, халқ қаерга боради… Аслида бу ҳам муаммолардан бири ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 18 февраль куни “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланган эди.

Ушбу Фармонга кўра аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” тамойили асосида самарали ҳамкорлик тизимини жорий этиш, маҳаллани халқ билан давлат ўртасида ишончли “кўприк” бўлишини амалда таъминлаш, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди.

Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Хасанов давлатимиз раҳбарининг маҳалла институтини янада ривожлантириш, соҳада “маҳалла – сектор – Халқ қабулхонаси – маҳалла” тамойилини сингдириш мақсадида тумандаги “Янгиқишлоқ”, “Хонтепа” ва “Равот” маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, ушбу ҳудудларнинг асосий муаммоларидан бири фуқаролар йиғинининг расмий идорасини барпо этиш масаласини жойлардаги тадбиркорлар билан чуқур ўрганди.

Шу ўринда маҳалла учун муносиб бўлган бўш ер майдонлари танланиб, давлат хусусий шерикчилиги асосида фуқаролар йиғинларининг расмий идораси билан бирга “Маҳалла гўзари” ва “Ёшлар маркази” каби ижтимоий аҳамиятга эга бўлган иншоотлар бунёд этилиши режага киритилди.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги матбуот хизмати