ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ ЁШЛАР ТИМСОЛИДА КЎРАДИ

Ёшларимиз эса мана шу улкан ғояни рўёбга чиқаришда Президентимизга қанот бўла олади. Биз ёшлар «эрк», «озодлик» ва «ҳуррият» деган сўзларни кўпам мағзини чақолмаймиз. Аслида бу сўзларнинг ҳаётимиз учун нақадар аҳамияти катта эканлигини ўрта ва ўрта авлод вакиллари биздан-да чуқурроқ ҳис этишади. Ватанимиз мустақиллиги йўлида бутун бир тарих давомида минг-минглаб инсонлар, улуғ зиёлиларимиз, мутафаккир олимларимиз ўз жонларини фидо қилмадилар дейсиз.

Муҳтарам Президентимиз Тошкент шаҳридаги «Шаҳидлар хиёбони»ни зиёрат қила туриб, битта муҳим ҳақиқатга урғу бердилар. Мана шу муқаддас заминда ётган улуғ аждодларимиз, ўзга юртлардан қўним топган биродарларимиз бир мақсад йўлида ҳур Ўзбекистон учун мардонавор курашиб, қурбон бўлдилар.

Шу ерда Президентимиз миллатимизнинг буюк сиймолари Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Фитрат, Усмон Носир сингари буюк инсонларнинг ҳаётлари сақлаб қолинганда эди, улар маънавиятимиз, маърифатимизнинг ривожи йўлида жуда катта маънавий мерос қолдиришларини ички бир куюнчаклик билан айтиб ўтдилар.

Ҳақиқатдан ҳам шундай. Юқорида номларини тилга олиб ўтган аждодларимиз қатағон қурбонларига айланмаганларида эди, бугунги Ўзбекистонимизнинг маънавияти, маърифати, санъати ва таълим тизими дунё ҳавас қиладиган даражага эришган бўларди.  2020 йилнинг март ойида коронавирус деган кўринмас бало бутун дунё аҳли қатори юртдошларимиз бошига ҳам кутилмаган кулфатларни ёғдирди.

Оллоҳга шукрки, Президентимиз бу балонинг асоратини камайтириш бўйича мисли кўрилмаган ишларни амалга оширдилар. Очиғи Юртбошимизнинг бу борадаги жасорати, саъй-ҳаракатлари барчамизга ибрат бўлди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 29 йил тўлиши муносабати билан Юртбошимизнинг онлайн тарзида бутун мамлакатимиз аҳлига йўллаган байрам табригида ҳам мана шу пандемиянинг инсоният бошига ёғдирган талафотлари ҳақида ички куюнчаклик ила билдирган фикрлари ҳеч кимни беътибор қолдирмади. Давлатимиз раҳбари бу бало ҳам халқимиз бошига келган бир синов эканлигини айтган ҳолда ҳаммамизни ҳушёрлик ва огоҳликка чорлади.

Ҳар қандай қийинчилик бўлмасин, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб қолмаскан. Ваҳоланки, тараққиётимизга ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди, бу ҳақиқатни англамаслик эса манқуртлик белгисидир.

Муҳтарам Президентимиз мустақиллик байрами арафасида Тошкент шаҳрида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини кўздан кечира туриб, мана шу ислоҳотлар замирида лафзи ҳалол, жасоратли, матонатли инсонларнинг ҳалол меҳнатлари ётганлигини ички бир фахр билан эътироф этди. Қолаверса, Президентимиз бутун халқимизга йўллаган байрам табригида янги Ўзбекистонни қуриш бўйича бошланган дадил ҳаракатлар эндиликда ўз маҳсулини бераётганлигини таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, ҳозир кўҳна Шош, Тошкент шаҳри таниб бўлмас даражада ўзгарди. Бу ерда бунёд этилган миллийлик ва жаҳон андозаларини ўзида мужассам этган кўп қаватли иморатлар ва бошқа маданий объектлар, равон йўллар, ерости, ерусти метролари халқимизнинг оғирини енгил қилаяпти, уларга қулайликлар яратаяпти.

Ҳар бир халқ Ўзининг илм-фан, маданити, маърифати билангина дунё эътирофига сазовор бўлиши мумкин. Мана шу ҳақиқатни англаган Юртбошимиз мустақиллигимизнинг 29 йиллиги олдидан халқимизга йўллаган табригида мактабгача таълим, мактаб, касб-ҳунар мактаблари, олий ўқув юртларида малакали кадрларини тайёрлаш, янги авлод вакилларини тарбиялаш бўйича муҳим вазифаларни белгилаб бердилар.

Шуни яхши биламизки, Юртбошимизнинг юксак орзу-ниятлари бугун балоғатга етаётган ёшлар бўлиб, улар Янги Ўзбекистонни қуришда ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён эта олишларига ишонадилар. Фақат соғлом фикр, соғлом ғоя мужассам бўлган мамлакатдагина тараққиёт бўлади.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари