Етти хазинанинг бири яна аҳоли хонадонларига қайтмоқда

Етти хазинанинг бири яна аҳоли хонадонларига қайтмоқда

 

Етти хазинанинг бири яна аҳоли хонадонларига қайтмоқда
Статистик маълумотларга қараганда охирги 50 йилдан бери халқаро бозорда гўшт маҳсулотларига талаб кескин ортган.
Бугунги кунда инсоният 1960 йиллардагидан 5 баробар кўп яъни 330 миллион тоннадан ортиқ гўшт истеъмол қилмоқда. Парҳезбоп ва инсон саломатлиги учун фойдали бўлган товуқ гўштига бўлган талаб биргина АҚШнинг ўзида 50 фоиздан ошмоқда. Паррандачилик бўйича бугунги кунда Хитой, АҚШ, Япония ва Россия олдинги ўринларни эгаллаб турибди. Айни дамда жаҳонда 1 триллион 360 мингта тухум, 296 миллион тонна парранда гўшти етиштирилади.
Экспертларнинг башорати тўғри чиқди, 2020 йилга келиб жаҳонда парранда гўшти биринчи ўринга чиқиб олди. Шу сабабли ҳам парранда гўштининг хавфсизлиги ва самарадорлигини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизда ҳам озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг гўшт ва тухумга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, фуқароларнинг қўшимча даромад манбаларини ошириш мақсадида паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида урғу берилмоқда.
Туманимизда ҳам 2021 йилда биргина “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтар”га киритилган 641 та хонадонган 24 минг 640 дона 426 миллион 650 минг сўмлик товуқ ва жўжалар тарқатилди. Бу ишларда эса “Зотли парранда” томорқа хизмати хусусий корхонасининг ўрни беқиёс. Туман ҳокими Самад Ҳасанов тез-тез корхонага ташриф буюриб, тадбиркор билан мулоқот қилиб, келгусидаги режалар хусусида фикр алмашади. Ана шундай ташрифлардан бири жорий йилнинг 16 февралида бўлган эди. Ўшанда тадбиркор инкубаторларга тухум қўйгани ҳақида маълумот берган эди. Бугун ушбу жўжалар аҳолига тарқатишга тайёр турибди.
Тадбиркор Файзулла Саломовнинг таъкидлашича айни пайтда 15 минг дона жўжа аҳолига тарқатишга тайёр. Инкубаторларга эса 40 минг дона товуқ тухумлари қўйилган. Ҳафтасига уч минг дона жўжа очирилмоқда. Синов тариқасида 15 дона туяқуш, 40 дона ғоз тухумлари ҳам қўйилган.
Айни пайтда тадбиркор гўшт ва тухум йўналишида Германиянинг ломен-браувн, гўшт йўналишида эса Голландиянинг броллер рост 308 зотларини, шунингдек, жайдари ва маҳаллий 10 турга яқин товуқ ва жўжаларни парваришлаб келмоқда. Тадбиркор ҳатто уйнинг том қисмидан ҳам унумли фойдаланиб келмоқда.
Шунингдек, тадбиркор лидер тадбиркор сифатида ҳам аҳолига парранда етиштириш сир-синоатларини ўргатиб, имтиёзли кредитлар ёрдамида хонадонларга парранда етиштириш истагида бўлганлар билан самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Туман ҳокими Самад Ҳасанов “Янгиобод” маҳалласида имтиёзли кредит асосида зотли парранда етиштириб келаётган хонадонларга борди.
Мадина Қудратова вақтинча ишсиз, оиланинг доимий даромад манбаси йўқ эди. У 18 миллион сўмлик имтиёзли кредит эвазига тухум йўналишидаги 200 дона товуқ парваришлашни йўлга қўйди.
Маҳбуба Омонова ҳам хонадонида 200 дона зотли товуқ парваришламоқда. У ҳам уйда ўтириб мўмай даромад топишни мақсад қилган. Унинг таъкидлашича товуқлари тухумга кирганига уч кун бўлибди. Натижа ёмон эмас, ҳозирдан харидорлар унинг уйига тухум сўраб келишмоқда.
Туман ҳокимининг келганидан хабар топган қўшнилар бирин-кетин Маҳбуба Омонованинг хонадонига кириб келишди. Уларнинг ҳам товуқ парваришини йўлга қўйиш истаги бор. Улар бунинг учун опадан йўл-йўриқ олгани келишибди.
Дарҳақиқат, уйда туриб, йўлкира ва қўшимча ҳаражатларсиз, мўмай даромад олиш мумкин. Бир вақтлар товуқ боқиш ҳар бир хонадон учун одат бўлган. Тухуми, гўшти рўзғорнинг камига яраб турган. Ахир, бежиз товуқ етти хазинанинг бири дейилмаган.
Мазкур тармоқ туманда йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Биргина “Зотли парранда” томорқа хизмати хусусий корхонаси жорий йилнинг бошидан шу даврига қадар аҳоли хонадонларига 30 минг дона жўжа, 10 минг дона товуқ етказиб берилган. 15 минг дона жўжа ҳомийлик тариқасида кам таъминланган хонадонларга тарқатилган. Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари томонидан эса 3 минг дона жўжа ҳомийлар кўмагида берилган.