
“АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТ” НИҚОБИ ОСТИДА ЯШИРИНГАН ЁЛҒОНЛАР
Раддия
“АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТ” НИҚОБИ ОСТИДА
ЯШИРИНГАН ЁЛҒОНЛАР
Ёхуд қуруқ туҳмат билан туман ҳокимини обрўсизлантиришдан мақсад нима?
“Аччиқ ҳақиқат” телеграм каналида Шаҳрисабз тумани 3-секторга қарашли А.Навоий ҳудудидаги “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалиги раиси Ашуров Ёрқин ва унинг ишчилари деб таништирган икки нафар фуқаронинг буғдой ўрим-йиғими билан боғлиқ мурожаати эълон қилинди.
Мурожаатда Ашуров Ёрқин ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигига қарашли ернинг 12 гектарига экилган ғаллани туман ҳокими унинг розилигини олмасдан ўриб олгани, у жараёнда иштирок этмаганини, қанча ҳосил олинганидан ҳам хабари йўқлигини, у ишчиларига иш ҳақи ўрнига буғдой беролмай қолганини таъкидлаб ўтган. Фермер хўжалигининг ишчилари дея таништирган икки фуқаро (ўрганишлар натижасида унинг Сирожиддин Рашидов экани аниқланди, иккинчиси ўзини Жовлиев Эгамберди деб таништирган) ҳам тиним билмай меҳнат қилгани, бироқ бугунги кунда ўриб олинган буғдойнинг ҳаммаси олиб кетилгани сабабли ойлик иш ҳақи ўрнига олиши керак бўлган буғдойдан қуруқ қолганини айтиб ўтган.
Воқеа юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилганида қуйидагилар аниқланди.
Туманнинг 3-секторига қарашли А.Навоий ҳудудида фаолият юритиб келаётган “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалиги туман ҳокимининг 2019 йил 24 январдаги қарори билан ташкил этилган. Фермер хўжалигига 46,9 гектар ер майдони ажратиб берилган.
“Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида фермер хўжалигининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб ўтилган. Хусусан, Қонуннинг 16-моддасида фермер хўжалиги ер участкасидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланиши, шунингдек, агротехника талабларига, белгиланган режим, сақлаш вазифаси ва сервитутларга риоя этиш, фермер хўжалигининг мажбуриятлари ва қарзлари юзасидан тўла жавобгар бўлиши белгилаб қўйилган.
Мамлакатимиздаги барча фермер хўжаликлари каби “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалиги ҳам ушбу қонун ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этиб, фаолият юритиши шарт. Бироқ, фермер хўжалиги уч йил давомида бирор маротаба пахта ва ғалла шартномавий режасини бажармаган. Жумладан, ПАХТА етиштириш бўйича 2019 йилда 58 фоизга, 2020 йилда 70,3 фоизга ва 2021 йилда 46,4 фоизга бажарган, холос.
ҒАЛЛА етиштириш бўйича кўрсаткичлар ҳам пахтаникидан кўп фарқ қилмайди. 2019 йилда 78,1 фоизга, 2020 йилда 86,3 фоизга, 2021 йилда 98,2 фоизга ва 2022 йилда 94,3 фоизга бажарилган.
Уч йил давомида шартномавий режаларнинг бажарилмаслиги натижасида “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалигининг қарзлари ошиб бормоқда. Ўрганишлар натижасида “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалигининг 2022 йил 30 июнь ҳолатида жами СОЛИҚ ҚАРЗДОРЛИГИ 20 миллион 598 минг сўм, туман Ирригация бўлимидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун етказиб берилган СУВ учун 1 миллион 14 минг сўм қарздорлиги борлиги аниқланди. Бундан ташқари 2022 йил ғалла ҳосилини етиштириш учун “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалиги учун “Шаҳрисабз барака дон” МЧЖ ғаллачилик кластери томонидан 120 миллион 814 минг сўмлик, 2022 йил пахта етиштириш учун “Оқсарой кластер” МЧЖ тўқимачилик корхонаси томонидан 154 миллион 970 минг сўмлик кредит маблағлари молиятлаштирилган.
Шаҳрисабз туманининг ерлари унумдор, болбонитети юқори. Бу тупроқларда мўл ҳосил олиш имкони катта. Хусусан, 2022 йил ҳосили учун ғалла майдонларидан туман ҳудудларидаги барча фермер ҳўжаликлари гектаридан 60-70 центнердан ҳосил олиб, дон корхоналари ва ғаллачилик кластер корхоналарига 40 центнердан бошоқли дон маҳсулотлари топшириб, режани 115 фоизгача бажараётган бир пайтда “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалиги гектаридан 35 центнер ҳосил етиштириш бўйича шартнома имзолаган бўлишига қарамай, ўртача 33 центнердан, жорий йилнинг 25 июнь куни “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалиги 24 тонна 800 килограмм ғалла топширган, белгиланган режани 94,3 фоизга бажарган. Бу ҳолат эса ўз-ўзидан туманда белгиланган шартномавий режа бажарилмаслигига сабаб бўлмоқда.
Фермер хўжалигининг 2022 йил ҳосили учун “Шаҳрисабз Барака Дон” МЧЖ билан 20,9 гектарлик ғалла майдонларидаги ҳосилни нест-нобуд қилмасдан, қисқа муддатларда йиғиб-териб олиш мақсадида Агроинспекция туман бўлими бошлиғини масъул этиб тайинланган. “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалигининг 20,9 гектар ғалла майдонларида жорий йилнинг 24-25 июнь кунлари ўрим-йиғим ишлари амалга оширилган. Ашуров Ёрқин ўрим-йиғим ишларида тўлиқ иштирок этган. Кейинчалик ғалла сотиш шартномавий режаси бажарилмай қолгач, ишчиларига ойлик маош сифатида ваъда қилинган буғдойни тўлашдан қочиш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали турли ёлғон бўҳтонлар тарқатишни режа қилган ва амалга оширган.
Ўрганишлар давомида ўзини фермер хўжалиги ишчиси деб таништирган Жовлиев Эгамберди ва Сирожиддин Рашидовлар аслида шартнома тузмасдан оғзаки келишув билан сувчи сифатида ишлагани, уларга Ашуров Ёрқин ўрим-йиғим ишлари якунлангач, иш ҳақи сифатида 1 тоннадан буғдой, 200 донадан сомон пресс беришини ваъда қилгани, Сирожиддин Рашидов эса Шаҳрисабз ирригация бўлимида гидротехник сифатида фаолият юритиб келаётгани аниқланди.
Суҳбат давомида Жовлиев Эгамберди ва Рашидов Сирожиддинлар ўрим-йиғим пайтида бўлмагани, ҳокимни кўрмаганини таъкидлаб, Ашуров Ёрқин ва у ёллаб олиб келган блогер уларга ҳокимнинг шаънига путур етказувчи сўзларни ўргатгани, улар эса унинг гапларини такрорлаганини, “ўхшамаяпти”, дея блогер қайта-қайта ёзиб олганини айтиб ўтди. “Агар сизлар ҳокимни ёмонлаб гапирмасангиз, видеонинг таъсирчанлиги бўлмайди, менинг гапларимни такрорлаб айтиб берсангиз, 1 тоннадан буғдойингизни қайтариб олиб бераман”, деган гапига ишонганини билдириб ўтди.
Туман ҳокимлиги томонидан ишчи гуруҳ тузилган ҳолда фуқаролар Э.Жовлиев ва С.Рашидовларнинг оилавий ижтимоий шароитини ўрганиш ва зарур деб топилган тақдирда, ўз ихтиёрлари билан ошиқча буғдой маҳсулотини саховат қилаётган фермер хўжаликлари ёки Ғаллачилик кластеридан 1,5 тоннадан буғдой берилиши юзасидан кўрсатма берилди.
“Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалиги раҳбари Ёрқин Ашуров ва бошқаларга нисбатан туҳматга йўғрилган видео тарқатилганлиги ҳолати бўйича тўпланган материаллар туман Ички ишлар бўлимига қонуний қарор қабул қилиш учун юборилди.