
“ОЗОДЛИК” УЙДИРМАЛАРИ
Раддия
“ОЗОДЛИК” УЙДИРМАЛАРИ
Ёлғоннинг шираси узоқ турмайди
Бир неча кундирки, Шаҳрисабз туманидаги “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалигидаги ғалла ўриб кетилгани билан боғлиқ видеоахборотлар турли ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиб келинмоқда. Гарчи Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ҳолатни ўрганиб, тезкорлик билан батафсил раддия берган бўлишига қарамай, куни кеча “Озодлик” радиосининг “Yutube” каналида фермер хўжалиги раҳбари Ёрқин Ашуровнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол қилинганлигини асос қилиб, ҳолатни чуқур таҳлил қилмай, юзаки ёндашилган, уйдирма ва туҳматлардан иборат видеоахборот эълон қилинди. Унда “Озодлик” мухбири фермернинг важларини фақат унинг ғаразли ва паст ниятлардаги манфаатлари йўлида таҳлил қилиб, худдики турли ёлғонлар билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини шубҳа остида эканини уқтиришга уринганини ақлли кишилар сезиб, англаб турибди.
Туяқуш ҳикмати: бошни қумга тиққан билар…
Ушбу ахборотда фермер Ёрқин Ашуров ўрим-йиғим ишлари 22 июнь куни бошлангани, ўша куни тунги соат 2:00 гача ўрим бўлгани, 9 гектар ердан 50 тонна ғалла топширганини иддао қилади. Аслида эса “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалигида 2022 йилги ғалла ҳосили учун ўрим-йиғим ишлари жорий йилнинг 23 июнь куни бошланиб, 25 июнь куни ниҳоясига етган. Ўрганишлар натижасида йиғилган ҳужжатлар фермернинг иддаоси ва у келтирган рақамларни буткул рад этмоқда. 23 июнь куни Ёрқин Ашуров 7,5 тонна (Ёрқин Ашуров иддаосида ошириб кўрсатилган тонна 42,5 тонна),
24 июнь куни 36,64 тонна, 25 июнь куни эса 24,76 тонна буғдой ўриб топширган. Унинг жами 20,9 гектарлик ғалла майдонидан олинган ҳосили 68,9 тоннани ташкил этган. Бу рақамлар фермер ўзи имзо қўйиб, муҳр босган юк хатларида кўрсатиб ўтилган. “Шаҳрисабз барака дон” МЧЖ ғаллачилик кластери билан “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалиги ўртасида тузилган фючерс шартномасига асосан фермер унга йил давомида хизмат кўрсатиб келган кластерга гектарига 35 тоннадан жами 73,1 тонна буғдой топшириши шарт бўлган. Аммо фермер шартнома шартларини бузиб, кластерга ғаллани 4,2 тонна кам топширган. Ашуров Ёрқин ўрим-йиғим ишларида тўлиқ иштирок этган. Кейинчалик ғалла сотиш шартномавий режаси бажарилмай қолгач, ишчиларига ойлик маош сифатида ваъда қилинган буғдойни тўлашдан қочиш мақсадида ижтимоий тармоқлар орқали турли ёлғон бўҳтонлар тарқатишни режа қилган ва амалга оширган.
Фермер хўжалигининг икки нафар – бири 68 ёшли, бири эса 58 ёшли ишчиси ҳам фермер Ёрқин Ашуров туман ҳокимига туҳмат қилгани, ўзини блогер деб таништирган шахс билан бирга уларга туҳмат сўзларни ўргатиб, туҳмат қилдирганини баён қилган.
Икки карра икки тўрт бўлади, беш эмас
Қолаверса, фермер 2019, 2020, 2021 йиллар давомида бирор марта ҳам пахта ва ғалла шартномавий режасини бажармаган. Ўрганишлар натижасида яна қуйидагилар маълум бўлди:
Жумладан, ПАХТА етиштириш бўйича 2019 йилда 58 фоизга, 2020 йилда 70,3 фоизга ва 2021 йилда 46,4 фоизга бажарган, холос.
ҒАЛЛА етиштириш бўйича кўрсаткичлар ҳам пахтаникидан кўп фарқ қилмайди. 2019 йилда 78,1 фоизга, 2020 йилда 86,3 фоизга, 2021 йилда 98,2 фоизга ва 2022 йилда 94,3 фоизга бажарилган.
Уч йил давомида шартномавий режаларнинг бажарилмаслиги натижасида “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалигининг қарзлари ошиб бормоқда. Ўрганишлар натижасида “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалигининг 2022 йил 30 июнь ҳолатида жами СОЛИҚ ҚАРЗДОРЛИГИ 20 миллион 598 минг сўм, туман Ирригация бўлимидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун етказиб берилган СУВ учун 1 миллион 14 минг сўм қарздорлиги борлиги аниқланди. Бундан ташқари 2022 йил ғалла ҳосилини етиштириш учун “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалиги учун “Шаҳрисабз барака дон” МЧЖ ғаллачилик кластери томонидан 120 миллион 814 минг сўмлик, 2022 йил пахта етиштириш учун “Оқсарой кластер” МЧЖ тўқимачилик корхонаси томонидан 154 миллион 970 минг сўмлик кредит маблағлари молиятлаштирилган.
Ҳақиқат эгилади, синмайди
Шаҳрисабз туманида 227 та ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари мавжуд. Улар бу йил гектарига ўртача 50-60 центнергача ҳосил олиб, шартномавий режасини ошиғи билан бажармоқда, ортганини эркин нархларда сотиш имконига эга бўлмоқда.
Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ахборот хизмати тумандаги қишлоқ хўжалиги муҳитига бир фермернинг асосланмаган, фақат туҳматлардан иборат бўлган гаплари билан баҳо бериш ноўрин эканини ҳисобга олиб, “Ашуров Ёрқин Истамович” фермер хўжалиги жойлашган “А.Навоий” ҳудуди фермерлари билан суҳбатда бўлиб, улардан ўрим-йиғим мавсуми юзасидан интервью ташкил этди. (интервьюлар видоешаклда).
Кўзгу синиғи ҳам кўзгу
Шунингдек, Ёрқин Ашуров видеоахборотда буғдойлар “Химпункт”га тўкилаётганини, у ер захар эканини айтиб ўтган. Аслида у айтиб ўтган жой “Амир Темур” ҳудудидаги минерал ўғитлар тарқатиш шоҳобчаси бўлиб, унда қарийб 30 йилдан буён ҳеч қандай кимёвий воситалар сақланмаган. Санитария эпидимиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати маркази Қашқадарё вилояти бошқармаси ҳудудни ўрганмай, унинг қачонлардир “кимёвий ўғитлар омборхонаси” бўлганини асос қилиб, бу ерда буғдой сақлашни мақсадга мувофиқ деб топмаган. Бироқ мазкур майдондан тупроқлар олиниб, Республика санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан ўтказилган текшириш натижаларига кўра тупроқ намуналарида турғунлилик даражаси юқори бўлган хлорорганик пестицидлар қолдиқларини ўрнатилган тартибда текшириш ўтказганида тупроқ намуналарида турғун хлорорганик моддалар белгиланган меъёрдан юқори эмаслиги аниқланган ва бу тўғрисида жорий йилнинг 6 июл куни Республика санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати буғдой сақлаш мумкинлиги тўғрисида хулоса берган.
Жазо муқаррар…
Шаҳрисабз туман ҳокимлиги Ёрқин Ашуров ва бошқаларни жамоатчиликни ўзининг ғаразли ва паст ниятларда турли уйдирма ва бўҳтонлардан иборат бўлган ахбороти орқали туман ҳокимига нисбатан салбий фикрлар уйғотишга уринган деб ҳисоблайди.
Ушбу ҳолат юзасидан айбдор шахслар доирасини тўлиқ аниқлаш ва қонуний қарор қабул қилиш учун тўпланган ҳужжатлар туман Ички ишлар бўлимига юборилган.
Ёрқин Ашуров ва бошқаларга нисбатан Жаҳон интернет тармоғидаги турли ахборот дастурлари ва “Озодлик” радиосининг “Yutube” каналларида туман ҳокимига турли ғаразли ва паст ниятларда туҳмат қилгани учун Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Келгусида тергов органлари томонидан айбдор шахслар доираси аниқланади, ҳақиқат қарор топади ва жавобгарларга жазо муқаррарлиги таъминланади.
Энг юксак парвоз ҳақиқатнинг парвозидир
Ҳақиқат қанотлари яраланган қушга ўхшайди. Лекин фақат юксакка қараб интилади. Ёлғон эса чақмоқдек “ялт” этиб, диққатни ўзига тортади. Унинг ёруғлиги, унинг жозибаси, сониялик умри бир дамлик ҳайратларга сабаб бўлади, холос. Аммо юксакка интилишда давом этаётган ярадор қушнинг парвози узоқ ва ҳузурли давом этади. Боиси у йиллар, йўллар ва тинимсиз меҳнатнинг маҳсулидир.
Вақтлар ўтаверади, дунё ахборот бозорида кунига минглаб воқеа-ҳодисалар ҳақида турли қарашлар манфаатларини ифода этувчи ахборотлар тарқалаверади. Бироқ ҳақиқат барибир юзага қалқиб чиқади, худдики, рутубатли тунда қоронғу денгизни Ой нурлари ёритиб турганидек.
Унутмайлик, энг юксак парвоз ҳақиқатнинг парвозидир!