Муносабат: “Ёшлар меҳнат гузари” чакана савдо ва маиший хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектидир

Муносабат

 

“Ёшлар меҳнат гузари” чакана савдо ва маиший хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектидир

 

Блогер Умид Миралиев ўзининг  “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Мираки” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Ёшлар меҳнат гузари”нинг фаолиятини танқид остига олиб, видеоахборот эълон қилган эди.  Ушбу видеоахборот юзасидан тезкор ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш натижасида қуйидагилар аниқланди.

Туман (собиқ) ҳокими Холбобо Бозоровнинг 2018 йил 18 июлдаги қарорига асосан Шаҳрисабз тумани, Мираки МФЙ ҳудудидан фуқаро Азизов Бобурга “Ёшлар меҳнат гузари” комплексларини қуриш учун 200, 0 квадрат метр ер участкаси доимий фойдаланиш учун ажратилган, белгиланган тартибда лойиҳа ва архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари амалга оширилган. Шаҳрисабз туман ҳокимлиги билан тегишли битим имзоланган, кадастр рўйхатига олинган.

Таъкидлаш жоизки, “Ёшлар меҳнат гузари” Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Yoshlar — kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида»ги 2018 йил 27 июндаги Фармонига мувофиқ, шунингдек, ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги «YOSHLAR — KELAJAGIMIZ» ДАВЛАТ ДАСТУРИ ДОИРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН ТАДБИРКОРЛИК ЛОЙИҲАЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА”ги Қарори асосида мувофиқлаштирилади ва тартибга солинади. Мазкур қарорда «Yoshlar mehnat guzari» комплекслари чакана савдо ва маиший хизматлар кўрсатиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига имтиёзли шартларда ижарага жой ажратиш орқали ёшларни иш билан таъминлашга мўлжалланган мажмуа экани белгилаб қўйилган. Шунингдек, яратилган ишчи ўринларининг 70 фоиздан кўпини 18-30 ёшли ишчилар ташкил этиши лозимлиги ҳам мазкур қарорда кўрсатиб ўтилган. Айни пайтда “Ёшлар меҳнат гузари”да аҳолига чакана савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган “Мираки дарвозаси кафеси” оилавий корхонасида яратилган ишчи ўринларига 100 фоиз ёшлар меҳнат қилмоқда. Хусусан, ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, “Ёшлар меҳнат гузари”да жами 5 нафар 30 ёшгача бўлган ёшлар иш билан таъминланиб, шундан 3 нафари туман солиқ инспекциясидан рўйхатдан ўтказилган ва 2 нафар оғзаки ёлланиб ишлаётган ёшларнинг меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш бўйича туман солиқ инспекцияси томонидан огоҳлантириш берилган. Бунинг натижаси бўйича туман Давлат солиқ инспекцияси ахборот хизмати маълумот беради.

Камолов Хуршид Жамол ўғли якка тартибдаги тадбиркор сифатида озиқ-овқат ва ноозиқ овқат маҳсулотлари чакана савдоси фаолияти билан шуғулланиш учун 16.07.2019 йилда давлат рўйхатидан ўтган ва Хайруллаева Гулсина Бобур қизини ёлланма ишчи сифатида ишга қабул қилган ва ўз тадбиркорлигини ижара шартномаси асосида “Ёшлар меҳнат гузари” биносида бошлаган. Камолов Хуршид Жамол ўғли кейинчалик ўзининг якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги фаолиятини тугатиб, “Мираки дарвозаси кафеси” хусусий корхонасини ташкил этган.

Айни пайтда Бобир Азизов номида бўлган “Ёшлар меҳнат гузари” биносидан ижара шартномаси асосида “Мираки дарвозаси кафеси” хусусий корхонаси фойдаланиб келмоқда.

“Мираки дарвозаси кафеси” хусусий корхонаси “Ипак йўли банк” Шаҳрисабз филиалидан ҳисоб рақам очган, онлайн назорат касса машинаси ўрнатилган ва алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш учун Шаҳрисабз туман Давлат хизматлари марказидан махсус рухсатнома (лицензия) расмийлаштирилган ва бу ҳақида солиқ идорасини хабардор қилганлик тўғрисида тасдиқнома ҳам мавжуд.

Умумий овқатланиш корхоналари томонидан алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш учун солиқ идорасини хабардор қилиш кифоя. Вақт режими юзасидан тақиқ мавжуд эмас.

“Мираки” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси М.Юсуповинг берган маълумотига кўра маҳаллада 16-30 ёшлилар 1234 нафар, шундан хотин-қизлар 647 нафарни ташкил қилади. Доимий банд бўлган 397 нафар, уюшмаган ёшлар сони 289 нафар, “Ёшлар дафтари”га киритилганлар сони 9 нафар.

“Мираки” МФЙда истиқомат қилаётган 9 нафар ёшларнинг 23,4 миллион сўмлик ОТМ шартнома тўловлари тўлаб берилган бўлса, 6 нафар ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун жами 185 милион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган.

Маълумот ўрнида, туманда 2022-йилда 548 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилган, улардан 417 нафари (88.2%)га турли йўналишларда кўмак берилиб, “Ёшлар дафтари”дан чиқарилган.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 182 нафар ёшларнинг ОТМ шартнома тўловларига 472.1 млн. сўм маблағ тўлаб берилган, 65 нафар ёшларга ўзини ўзи банд қилиши учун 380 миллион сўмлик асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари ажратилган, 76 миллион 700 минг сўмлик бошқа турли ёрдамлар кўрсатилган.

Бундан ташқари, ҳозирда туман прокуратураси ва туман Адлия бўлими томонидан Шаҳрисабз туманидаги барча “Ёшлар меҳнат гузар”лари фоалиятини ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш натижаларига кўра мавжуд ҳолат бўйича қонуний тўхтамга келинади.

“Мираки” МФЙдаги Ёшлар меҳнат гузари фаолияти билан қизиққан, туманда Ёшлар меҳнат гузарлари фаолияти билан боғлиқ шубҳали ҳолатларни видеохборот шаклида интернет тармоғида ёритгани ва тегишли масъул ташкилотлар ўрганишларига сабаб бўлгани учун туман ҳокимлиги блогер Умид Миралиевга ўз миннатдорчилигини билдиради.