Бозоров Зинур Ғузаровеч Мудофаа вазирлиги хузуридаги Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасиилмий ходими.(Қуролли кучлар хизматчиси)

 

Бозоров Зинур Ғузаровеч

Мудофаа вазирлиги хузуридаги Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасиилмий ходими.(Қуролли кучлар хизматчиси)

 

 

385-ЎҚЧИ ДИВИЗИЯНИНГ ЖАНГОВАР ЙЎЛИ ВА УНДА СОВЕТ ИТТИФОҚИ ҚАҲРАМОНИ ШОДИ ШОИМОВНИНГ ЎРНИ

385-ўқчи дивизия 1941 йилнинг август-ноябр ойларида Ўрта Осиёда ташкил қилинди. Унинг асоси Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ССР ишчи ва колхозчиларидан иборат эди. Дивизия тезкорлик билан шакллантирилди. Командирлар таркибининг етишмаслиги ва талаб даражасига мос келмайдиган моддий база дивизиянинг жанговар қобилиятини сезиларли пасайтирар эди.

Саноатни эвакуация қилиш ва катта инсоний йўқотишлар шароитида транспорт, кийим-кечак ва моддий техник воситалар билан таъминлаш масалалари катта қийинчиликлар билан ҳал қилинди. Дивизияни қуйидаги элементларга асосланиб амалга оширилди:

  1. кичик командирлар таркиби ва оддий аскарлар – 1900 -1918 –йилларда туғилган захирадаги ҳарбий хизматга мажбур кишилардан; фронт орти таъминоти бўлинмалари ёши катталардан.

  2. Отлар, аравалар – халқ хўжалигидан;

  3. Катта ва ўрта командирлар таркиби комбатдан юқориси кадр офицерлардан, қолганлар – билим юрти битирувчилари ва захирадан.

Жангчиларга машғулотлар 1941 йилнинг 27 сентябридан жадаллаштирилган бир ойлик дастур асосида ўтказилди.

1941 йилнинг 27 октябр куни дивизия қисмларига қўшимча дастур тақдим қилинди ва ушбу дастурга аввал яхши ўзлаштирилмаган мавзулар киритилди.

1941 йилнинг 2 ноябрида   Ўрта Осиё ҳарбий округи қўмондони генерал Трофименко юқори қўмондонликнинг 004299-сонли директиваси асосида   385-дивизияни Саратов шаҳрига юборишга буйруқ берди.

7 ноябр куни дивизия Саратовга, 61-сонли захира армияси ихтиёрига юборилди. Саратовдан 1941 йил 6-10 декабригача бўлган даврда бўлинма Рязан вилоятининг Ухоловский туманидаги Желобово ва Кензино станцияларига кўчирилди. Олий Бош Қўмондонлик Ставкасининг қарорига асосан дивизия Москва мудофаа ҳудуди қўмондони ихтиёрига темир йўл транспорти орқали тўлиқ таркибда — 1266, 1268, 1270 — ўқчи полклари ва 948 — артиллерия полки, 672 — алоҳида зенит дивизиони, 403 — алоҳида танкка қарши қирувчи дивизион, 665 —  алоҳида сапёрлар батальони, 836 — алоҳида алоқа батальони, 470 — алоҳида тиббий батальони, 447 — алоҳида разведка ротаси, 500 — алоҳида авторота, 463-алоҳида кимёвий ҳимоя ротаси, 808-дивизия ветеринар лазарети, 252 —  дала нон ёпиш бўлинмаси, 1417 —  дала почта станцияси, 756 — Давлат банкининг дала кассаси ва бошқа бўлинмалари билан бирга жўнатилди.

1941 йил 23 декабр куни дивизия 24-армия таркибида Подолск-Домодево маррасида позицияни эгаллайди. 1941 йилнинг 26 декабридан дивизия ҳаракатдаги армияда деб ҳисобга олинди. Дивизия Подолскда бўлган вақтида бўлинма қўшимча равишда қурол-яроғ билан таъминланди

1942 йилнинг феврал ойидан дивизия 10-армия таркибида жанговар ҳаракатларда иштирок эта бошлади. 8 февралда Калуга вилоятининг Барятинск тумани Лошихино қишлоғини эгаллаш вазифаси топширилди. Бу 385-ўқчи двивзиясига топширилган бирин жанговар буйруқ эди. Бу ерда дивизига қарши фашистларнинг 4-танк гуруҳи таркибидаги 19-танк двизияси турар эди.

10 февралдан 11 февралга ўтар кечаси 385-ўқчи дивизия таркибидаги 1266-ўқчи полки жангга киритилди ва унга Варшава шоссеси яқинидаги Бурятинск туманининг Сининка қишлоғига ҳужум қилиш вазифаси топширилди.

1266-ўқчи полки жангчиларининг душманга яқинлашувига 500 метр қолганда, немислар ўт очишни бошлади. Душман ўтининг зичлиги шунақа юқори эдики, 1266-полк жангчилари ётиб олишга ва катта талофатлар бериб аввалги маррасига қайтишга мажбур бўлди.

13 феврал кунигача 385-ўқчи дивизия жангчилари Барятинск туманининг учта қишлоғини душмандан тозалади. Кўрилган катта талофатлардан сўнг дизизия немислар эгаллаб турган аҳоли пунктларинидан олиб чиқилди. 14 февралга келиб 1266-ўқчи полкида 407 киши тирик қолди, бошқа полкларда қайтариб бўлмас талофат кўп эди.

14 ва 15 феврал кунларида 1266 полк шиддатли жанглар олиб борди, лекин душманнинг устун кучларининг қаршилиги туфайли Гореловский қишлоғига чекинишга мажбур бўлди.

Дивизиянинг бошқа полкларининг ҳам ҳужумлари муваффақият келтирмади.

385-ўқчи дивизияси 1942 йил март ойигача шиддатли жангларни олиб борди, лекин душманнинг куч ва воситалар бўйича устунлиги туфайли сезиларли натижаларга эришмаган бўлсада, фашистларга талофатлар етказди, унинг тезкор ҳужумларини сўндирди.

1942 йил март ойининг охирида 385-ўқчи дивизия 10-армия таркибидан чиқарилиб генерал-лейтенант А.Ф.Казанкин қўмондонлигидаги 50-армия таркибига ўтказилди.

25-мартда 50-армия бирлашма ва қисмлари бош зарба бериш йўналишида қайта тўпланди. Қалин ёққан қорнинг ҳаракатланишига қарамасдан операция бошланди.

3 апрелда 385- ўқчи дивизия таркибига 423 киши қўшилди. 5 апрелда дивизия 112-танк бригадаси қувватловида ҳужумга ўтди. Дивизия жангчилари танкларнинг бевосита қўллаб-қувватловида жанговар тартибга ёйилди ва Прасоловка йўналишида ҳужумни бошлади. Пиёда қўшин душман ўқ ёмғири остида танклардан ортга қолиб кетди, танкларга душман артиллерияси зарба берди, тез орада 7 та немис самолёти танкчилар позициясини бомбардимон қилди. Ҳужум муваффақиятсиз якун топди ва 7 апрелда жангчилар жанг майдонидан олиб чиқилди.

9 апрелга ўтар кечаси дивизиянинг 1266-ўқчи полки Прасоловка қишлоғини жануби-ғарб томонидан ҳужум қилди, аммо немис пулемётларининг қанотлардан берган зарбаси туфайли пиёда қўшин ерга ётиб олишга мажбур бўлди. Фақатгина тун қоронғусида жангчилар ўз позицияларига қайтдилар.

12 апрелда 1266-полк яна Прасоловкага ҳужум қилди, олдиндаги муздек сувга тўла хандақлар кечиб ўтилди. Душман уларни 400-500 метр яқинлашишини кутиб турди ва мавжуд зарба бериш воситаларидан ўққа тутди.

13-17 апрелда ўтказилган ҳужум ҳам муваффақиятсизлик билан тугади. Бу вақтга келиб дивизиянинг 1266-ўқчи полки таркибида 44 нафар жангчи қолган эди.

Ҳаммаси бўлиб Бурятинск тумани ҳудудида жангларда 385-ўқчи дивизия ҳалок бўлганлар, ярадорлар ва дом-дараксиз йўқолганлар билан 9793 кишини ташкил қилди.

Нима сабабдан 385-дивизия бунчалик кўп қурбонлар берди, муваффақиятсизликка учради, нафақат 385-дивизия, балки фашистлар билан кураш олиб бораётган қарийб ҳамма бирлашмалар совет-герман урушининг биринчи даврида шиддат билан ортга, давлат ичкарисига шунчалик чуқур чекиниб кетди?

Ўтказилган таҳлил натижасида бунинг сабаблари қуйидагилар деб ҳисоблайман:

— эндигина ташкил этилган бўлинмалардаги жангчиларнинг жанговар тайёргарлигининг пастлиги, улар билан етарли даражада тайёргарлик ўтказилмаганлиги (айрим ҳолларда тайёргарлик ўтказишнинг умуман имконияти бўлмаганлиги, кечагина далада меҳнат қилиб юрган ўспиринга беш кун ичида қандай таълим бериш мумкин, фронтга сафарбар этилганлар захира ўқчи полкларида беш кундан бир-неча ойгача тайёргарликни ўтаганлар);

— душманни тўлиқ разведка қилмаслик, душман тўғрисида, унинг жанговар имкониятларини ўрганмаслик;

— командирлар томонидан кўр-кўрона қарор қабул қилиш, командирларнинг жанговар тажрибасининг етарли эмаслиги;

— рекогносцировка ўтказмаслик, душманнинг ўрнашиб олган ўрни ва ўт очиш позицияларини аниқлаш мақсадида разведка жангини ўтказмаслик;

— дивизия таркибига келиб қўшилаётган ёш жангчиларни кўпчилигининг оддий жанг олиб бориш қоидаларига ўргатилмаганлиги;

— қурол-яроғ, ўқ-дори, озиқ-овқатларнинг етарли эмаслиги;

— урушдан олдинги ҳарбий назариянинг ҳужумкор жангга йўналтирилганлиги, уруш арафасида чуқур ҳужумкор жанг олиб бориш назарияси ишлаб чиқилган бўлиб, фақатгина ҳужум учун керакли бўлган қурол-яроғлар ишлаб чиқарилганлиги, мудофаа жанги – жангнинг асосий турларидан бири сифатида тўлиқ ўрганилмаганлиги, мудофаа учун зарур қурол-яроғларнинг кам ишлаб чиқарилганлиги;

— дивизия полкларининг ҳужум чизиғи авиация ва артиллерия ёрдамида тўлиқ қўллаб-қувватланмаганлиги, ҳужумдан олдин душман позициясига етарли даражада артиллерия зарбасини берилмаслиги ва бошқалар.

Умуман олганда, Иккинчи жаҳон урушидан олдин совет ҳарбий доктринаси ҳужумга йўналтирилган эди. “Душманни унинг ўз ҳудудида тор-мор этиш” тушунчаси кенг тарғиб қилинди. Душман кучларига паст назар билан қаралди. Ўз кучлари ва имкониятларига ҳаддан зиёд баҳо берилди.

Бошланган урушнинг биринчи жанглари ушбу назариянинг асоссиз эканлигини кўрсатди. Урушдан олдин бутун мамлакатнинг барча соҳаларида, шу жумладан Қизил армия сафларида ўтказилган қатағонлик сиёсати натижасида 60 мингга яқин командирлар, уларга турли айблар қўйилиб отиб ташланди, қамоққа олинди ёки армиядан бўшатилди.

Шунга қарамасдан жангчилар ватанпарварлик билан, шижоат, матонат билан жанг қилдилар, командирларнинг саводсиз буйруқларини бажариш давомида қурбон бўлдилар. Бу ўринда ҳамма айбни командирларга ағдариб бўлмайди, айниқса взвод-полк бўғинидаги командирларга, чунки улар юқори қўмондонлик топшириқларини сўзсиз бажармасалар, ўзларига “хоин” сифатида чора кўрилар эди. Командирларнинг ўз ҳарбий қисм ва бўлинмаларини беҳуда қурбонлар берилишини олдини олиш мақсадида душманнинг зарбаси остидан олиб чиқиб, янги марраларга чекиниб мукаммал мудофаани ташкил этиш бўйича таклифлари қўмондонлик томонидан “қўрқоқлик, хоинлик” деб баҳоланар эди.

Совет-герман урушининг иккинчи давридан бошлаб Қизил армия йирик қурбонлар эвазига жангда тажриба орттириб, юксак ғалабаларни қўлга кирита бошлади. Қизил армия томонидан 1942 йилнинг 19 ноябридан 1943 йилнинг 2 февралигача ўтказилган Сталинграддага қарши ҳужумда эришилган буюк ғалабадан кейин кучлар нисбати бизнинг армиямиз фойдасига ўзгара бошлади. Волга дарёси бўйича душманнинг энг қудратли ҳисобланиб, ўз замонасининг энг илғор қурол-яроғлари билан қуролланган, сараланган армиясининг тор-мор қилинишидан кейин стратегик ташаббус Қизил армия қўлига ўта бошлади.

Яна 385-ўқчи дивизиянинг жанговар фаолиятига қайтсак, 1942 йилнинг 20-майида дивизия 10-армия сафига қайтарилди. 1942-йилнинг 29-июнида дивизия шахсий таркиб, қурол-яроғ ва бошқа керакли анжомлар билан бутланганидан кейин, Калуга вилоятининг Жиздра йўналишида ҳужум қилаётган генерал-лейтенант К.Рокоссовский қўмондонлигидаги 16-армия сафига киритилди.

1943 йилнинг ёзида, Курск жангининг бир қисми ҳисобланган ва “Кутузов” шартли номини олган Орёл ҳужумкор операцияси бошланди. 385-ўқчи дивизия Кулаково – Анновка маррасида оғир ҳужумкор жангларни бошлади. 2 ҳафта мобайнида қўшинлар Спас-Демянский йўналишида 500 га яқин аҳоли пунктларини озод қилди. 25-сентябрда 385-дивизия Рославль шаҳрини озод қилишда иштирок этди, душман мудофаасини ёриб ўтиб Белоруссияга яқинлашиб қолди. 385-ўқчи дивизия жангчилари 1943 йилнинг 30 сентябрида Днепрнинг ирмоғи ҳисобланган Сож дарёсини кечиб ўтдилар ва жанглар мобайнида Кричев шаҳрини озод қилдилар.

Курск ёйида ўтказилган жангдаги буюк ғалабада ҳам 385-ўқчи дивизиясининг улкан ҳиссаси бор. Курск ёйида душманнинг йирик куч гуруҳлари янчиб ташланди ва ушбу жангда совет қўшинларининг ғалабасидан кейин стратегик ташаббус тўлиғича Қизил армия қўлига ўтди. Вермахт Курск ёйидаги мағлубиятидан кейин бошқа йирик стратегик операцияларни ўтказиш имкониятидан бутунлай маҳрум бўлди.

Кричев шаҳрини озод қилишдаги матонати ва кўрсатган жасорати учун 385-ўқчи дивизия 1943 йил 30-сентябрдаги Олий Бош Қўмондоннинг буйруғи билан 385-Кричев дивизияси деб номланди.

1944 йилнинг баҳорида “Багратион” операциясига қизғин тайёргарлик ишлари бошланди. Апрел ойи бошларида 385-ўқчи дивизияси 2-Белоруссия фронтининг 49-армияси таркибига киритилди. 1944 йилнинг 25 июнида 385-дивизия Сожнинг ирмоғи ҳисобланган Проня дарёсининг ғарбий соҳилига кечиб ўтди ва Заречьега етиб келди, ҳужумга ўтиб ҳаракатланиш мобайнида жанг билан Проня дарёсининг ирмоғи Бася дарёсини кечиб ўтди. 330-ўқчи дивизия ва партизанлар полки билан биргаликда Чаус шаҳрини душмандан тозалади.     1944 йилнинг 27 июнида полковник Супрунов қўмондонлигидаги 385-ўқчи дивизия ҳаракатчан отрядларининг моҳирона манёврлари билан Белоруссиянинг Могилёв вилояти Дашковка қишлоғи яқинида Днепр дарёсининг кечув жойини эгаллади ва шу билан 38-ўқчи корпусининг дарёни кечиб ўтиши ва душманни таъқиб қилиши учун қулай вазият яратди. Душманни таъқиб этишда давом этиб, дивизия Друть дарёсини кечиб ўтди. Дивизия топширилган жанговар вазифани шараф билан адо этди. Жанглар натижасида 4260 душман аскар ва офицери қириб ташланди, 2897 нафари асир олинди, жумладан фашистларнинг 27-армия корпуси бутун бошли штаби, корпус командири генерал-полковник Паул Фёлькерс билан бирга қўлга олинди.

1944 йилнинг 17 июлида ҳалиям қуролли кучларнинг қудратига шубҳа билан қараётган мамлакатларга Қизил армиянинг қудратини кўрсатиш мақсадида Москва кўчалари бўйлаб Белоруссия ҳудудида асир олинган фашистларнинг аскарлари, офицерлари ва генераллари олиб ўтилди. Ушбу ҳарбий асирлар колоннасининг бошида айнан генерал-полковник Паул Фёлькерс юриб ўтди.

Днепр дарёсини кечиб ўтишда кўрсатган жасорати учун дивизиянинг кўплаб жангчилари орден ва медаллар билан тақдиланди, дивизиянинг тўққиз нафар жангчиси Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди, булар: майор Докучаев (1266 — ўқчи полки батальони командири), катта лейтенант Волков (665 -алоҳида сапёр батальони взводи командири), кичик лейтенант Жудов (1270 — ўқчи полки ўқчи взводи командири), катта сержант Шаров (1266 — ўқчи полки взводи командири ўринбосари), сержантлар Максин (1266 — ўқчи полки рота старшинаси), Чешарин (665 — алоҳида ўқчи батальони отделение командири), оддий аскарлар Висяшев (1266 — ўқчи полки телофонисти), ШодиШоимов (1266 — ўқчи полки автоматчиси), Усачёв (1266 — ўқчи полки пулемётчиси).

1944 йилнинг сентябридан 1945 йилнинг январигача 385- Кричев ўқчи дивизияси Польшада Нарев дарёсининг шарқий қирғоғида мудофаани эгаллайди.

1945 йилнинг мартида дивизия Польшанинг Гданск шаҳрини эгаллашда иштирок этди.

1945 йилнинг 3-май кунида двизия АҚШнинг 82-ҳаво-десант дивизияси илғор дозори билан учрашди. Шу билан 385-Кричев ўқчи дивизияси ҳарбий ҳаракатларни тўхтатди. АҚШ ҳукумати дивизиянинг бир қатор жангчилари ва офицерларини АҚШ орден ва медаллари билан тақдирлади.

1948 йилнинг июн ойида дивизия тарқатиб юборилди.

Яна 385-Кричев ўқчи дивизиясининг Днепр дарёсини кечиб ўтиш жангига қайтамиз.

385-ўқчи дивизия таркибидан Днепр дарёсини кечиб ўтишдаги жасорати учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган жангчиларнинг статистикасига эътибор қаратсак, улар ҳаммаси бўлиб тўққиз киши. Ўқчи дивизияси уруш давридаги штати бўйича 10 мингдан ортиқ аскар ва офицерларга эга. Лекин фақат тўққиз нафар жангчи Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Уларнинг орасида бизнинг ватандошимиз Шоди Шоимов ҳам бор. Биз бу билан дивизиядаги бошқа жангчиларининг жанговар салоҳияти паст бўлган, демоқчи эмасмиз. Жанговар оперцияда шахсий намуна кўрсатган жангчиларнинг орасида ўзбек йигити Шоди Шоимовнинг ҳам борлигини чуқур фахр билан эсга олмоқчимиз холос.

Шоди Шоимов ўзи ким, қайси қаҳрамонлиги учун шундай юксак унвонга сазовор бўлди?

Шоди Шоимов тўғрисидаги маълумотлар даставвал шоир, адиб, публицист, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Шарофжон Орифий томонидан ўрганилган. Шоди Шоимовнинг фронтдан уйига ёзган мактублари унинг томонидан таҳлил қилинган. Иккинчи жаҳон урушининг энг қонли жангларидан бири бўлган Ржев остоналаридаги тўқнашувда Шарофжон Орифий танкка қарши милтиқ (ПТРД) ўқчиси сифатида кўплаб душман танкларини йўқ қилган. Жасорати ва матонати учун “Қизил Юлдуз” ордени ва уруш давомида жуда кўплаб жанговар медаллар билан тақдирланган. Урушдан кейинги йилларда адиб Шарофжон Орифий, Шоди Шоимов жанг қилиб ҳалок бўлган Белоруссиянинг Могилёв вилояти Могилёв туманидаги Дашковка қишлоғидаги Шоди Шоимовнинг қабрини зиёрат қилади ва у ердан Ўзбекистонга бир сиқим тупроқ олиб келади.

Шоди Шоимов бор-йўғи 19 баҳорни қаршилаган оддий ўзбек йигити эди. У 1925 йилда Қашқадарё вилояти Шахрисабз тумани Арабон қишлоғида деҳқон оиласида таваллуд топган. Мактабни беш синфини тугатади. Колхозда ишлайди. 1943 йилнинг сентябрида Шахрисабз военкоматидан фронтга жўнатилади. 1943 йилнинг охиригача бошланғич ҳарбий тайёргарликдан ўтади. 1944 йилнинг январ ойидан фронтда. 385-ўқчи полкининг 1266-ўқчи полкида автоматчи сифатида жангга киради. Белоруссияни фашистлардан тозалаш операцияларида иштирок этади. 1944 йилнинг 27 июнида 1266-ўқчи полкининг 2-ўқчи батальони Белоруссиянинг Могилёв вилояти Могилёв туманидан Дашковка қишлоғи яқинида Днепр дарёсини кечиб ўтиш ва асосий кучлар етиб келгунигача уни ушлаб туриш жанговар вазифасини олди.

1266-ўқчи полки командирининг Шоди Шоимовнинг кўрсатган шахсий жасорати учун унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилиши ҳақида юқори қўмондонликка тақдим этган тавсияномасида қуйидагича ёзилган:

1944 йил 27 июнда батальон Днепр дарёсини кечиб ўтиб, асосий кучлар етиб келгунига қадар плацдармни ушлаб туриш вазифасини олди. Душманинг шиддатли ўт зарбаси остида батальон дарёга яқинлашиб кела олмади – Днепрнинг чап соҳилида ерга ётиб олди.

Ўртоқ Шоимов кўнгиллилардан бўлиб дарёни ўнг қирғоғига ўтиш истагини билдирди. Ўзи билан автомати, ўқ-дорилар ва гранаталар олиб, ўртоқ Шаров билан биргаликда дарёга ўзини отди, душманнинг ўқ ёғдириб туришига қарамасдан дарёнинг ўнг соҳилига етиб олишга муваффақ бўлди. Кечиб ўтган мард жангчиларимизни сезиб қолган душман уларни йўқ қилиш ва миналаштирилган кўприкни портлатиш учун автоматчилар гуруҳини ташлади.   

Ўртоқ Шоимов мардлиги, матонати боис кун давомида душманнинг кичик гуруҳлари ҳужумини қайтариб турди. Кун охирида қатъият билан душманнинг ўт очиш нуқталарига зарба берди ва душман сафида саросималикни келтириб чиқарди. Юзага келган қулай вазиятдан фойдаланиб батальон роталари қисқа муддатда дарёни кечиб ўтди. Кечиб ўтган жангчиларни Шоимов душман истеҳкомларини штурм қилишга бошлади. Ўқ-дориси тугаб, қўл жангига киришиб кетди ва 13 фашистни қириб ташлади. Ушбу жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Кўрсатган жасорати учун Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилишини тавсия қиламан.

                            1266-ўқчи полки командири подполковник Коновалов.

Ҳақиқатан ҳам Шоди Шоимов Днепрни кечиб ўтиб унинг ўнг соҳилида плацдармларни эгаллайди, уни кенгайтириш учун бўлган бўлган жангда ўқ-дориси ва граналари тугаб, қўл жангига киришиб кетади, душманнинг 13 аскарини яксон қилади, ўзи ҳам оғир ярадор бўлади ва 1944 йилнинг 28 июнида вафот этади. СССР Олий Советининг қарорига кўра унга 1945 йил 24 март кунида вафотидан сўнг Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилади.

Шоди Шоимов ва унинг қуролдош дўстларининг жасорати ва матонати, шиддат билан фашистларнинг траншеяларига бостириб кириб уларга ўқ отар қуроллари ва гранаталар билан берган зарбалари душманни саросимага солиб қўйди. Бу ҳолат 1266-ўқчи полки 2-ўқчи батальони роталарини тезкорлик билан Днепрнинг ғарбий соҳилига талофатсиз кечиб ўтишларини таъминлади. Таркибида Шоди Шоимов ҳам бўлган мард жангчиларнинг Днепрни кечиб ўтиб душманга ташланишлари фашистлар учун шундай кутилмаган ҳол бўлдики, ҳатто улар Дашковка қишлоғи яқинида Днепр дарёси устидаги миналаштирилган кўприкни ҳам портлатишга улгурмадилар. Натижада 385-ўқчи дивизия учун дарёни қисқа муддатларда кечиб ўтишга қулай фурсат яратилди.

Шоди Шоимов жанговар вазифани бажариш учун кўнгилли бўлиб сафдан чиқар экан, ушбу вазифани ўта хавфли эканлигини билмас эдими? Албатта билар эди, у онгли равишда, ватан озодлиги учун ўз жонидан кечди. Унинг қаҳрамонларча вафот этиши дивизиянинг минглаб жангчиларининг ҳаётини сақлаб қолди, уларни кам талофатлар билан улкан Днепр дарёсини кечиб ўтишларига имкон берди.

Шоди Шоимовнинг жасади Белоруссиянинг Могилёв вилояти Могилёв тумани Дашковка қишлоғидан уч километр шарқроқда, вафот этган жойида дафн қилинади. 1945 йилнинг майида унинг жасади Дашковка қишлоғидаги биродарлик қабристонига ҳарбий ҳурмат-эҳтиром билан дафн қилинди.

Ёш ўзбек йигити Шоди Шоимовнинг жасорати бутун мамлакатга маълум бўлди.