Янги Ўзбекистонда – Шаҳрисабз чинакам яшил маконга айланади
Янги Ўзбекистонда – Шаҳрисабз чинакам яшил маконга айланади
Шаҳрисабз туман маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг халқимизга мурожаати
Ҳурматли тумандошлар!
Шаҳрисабз ўзининг гўзал табиати, унумдор тупроғи, зилол сувлари, боғлари билан машҳур. Туманга ташриф буюрган меҳмон борки, баҳаво манзарадан, йўл чети қатор экилган дарахтлар гўзаллигидан ҳайратга тушади. Бу шаҳрисабзликларнинг ўзига хос қадимий маданиятига айланган десам, янглишмайман.
Зеро, Темурийлар салтанатига элчи бўлиб келган испаниялик Руи Гонсалес Клавехо кундаликларида Шаҳрисабзни тасвирларкан, ҳар бир кўчасидан ариқ оқиб ўтгани, суви тоза ва ширинлиги, шунингдек, ариқ ёқаларига турли дарахтлар экиш урфга айланганини ёзиб ўтган. Дарҳақиқат, ота-боболаримизнинг табаррук қадриятларига, урф-одатларига содиқ қолиб, фарзандларимизни ҳам она табиатга, шу Ватанга меҳру-муҳаббат билан улғайтиришдан ортиқ бахт йўқдир.
Доно халқимизда “Яхшидан боғ қолади” деган пурмаъно ҳикмат бор.
Шундай экан, миллий қадриятларимизга содиқ қолган ҳолда, оилада фарзанд дунёга келганида унга атаб кўчат экиш, ҳашар йўли билан боғ-роғлар яратиш, иморатлар атрофини кўкаламзорлаштириш каби эзгу анъаналаримизга ҳамоҳанг тарзда ҳар бир хонадон томонидан 20 туп кўчат экиш ва ўстириш ташаббусини илгари сурамиз.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда БМТ минбаридан инсоният ҳаётига таҳдид солаётган учта инқироз – иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишини бартараф этишга доир муҳим ташаббуслар халқаро ҳамжамиятнинг диққатини қаратди.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.
Доимо она табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, атроф-муҳит софлиги ва барқарорлигини сақлашга интилиб келадиган кўп миллатли халқимиз номидан биз Президентимизнинг ана шу ташаббусларидан руҳ олиб, барчангизни, бутун эл-юртимизни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.
Қадрли тумандошлар!
Ҳурматли маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар!
Айни вақтда, айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар ҳам кўп. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.
Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари, бошқарув-сервис компаниялари жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва уйбошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқдир.
Муҳтарам нуронийлар!
Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда.
Туманимиздаги 24 мингдан ортиқ нуронийлардан маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.
Нуронийларимизнинг ҳар бири 1 тупдан кўчат экса, 24 мингдан зиёд янги дарахт пайдо бўлади. Ёки ҳар бири ўз ёнига 10 нафар ёшни жалб қилса, бу рақам 10 баробарга ошади.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!
Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг улушингиз катта. Биргина кўчат етиштириш бўйича тўхталадиган бўлсак, туманимизда айни пайтда Бугунги кунда куз мавсумида экиладиган дарахт ва бўта кўчатлари
400 минг донадан ортиқ захирамиз мавжуд бўлиб, ушбу захирани олдинги йилларда “Яшил макон” дастури доирасида ижтимоий соҳа объектларининг бўш ер майдонларига ҳамда фаол фуқароларнинг ўз ер майдонларига турли хил дарахт ва бўта қаламчалари экилди.
Фермерларимиз “Бир дала – бир маҳсулот” тамойили асосида ўз ҳудудига тут, ток, терак ва бошқа кўчатларни экса, ҳар бир қарич еримиз боғ-роғларга айланади.
Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва спортчилар!
Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳимдир.
Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спорт юлдузларига юртимиз ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди.
Шундай экан, юртимизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!
Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!
Зеро, бу жонажон Ватан барчамизники, Биз келажак авлодларга гўзал ва бетакрор, Яшил маконга айланган Заминимизни мерос қилиб қолдиришимизни, унутмайлик.
Шаҳрисабз туманида ҳам туман ҳокимлиги, нуронийлар, хтин-қизлар, ёшлар, фаоллар, барча меҳнат жамоалари ва кенг аҳоли вакиллари иштирокида “Яшил макон” умуммиллий ғоясини амалга оширишга киришилди.