Ҳар бир отряд эгалари алоҳида тақдирланади

Ҳар бир отряд эгалари алоҳида тақдирланади

Бугун 8 сентябрь куни Шаҳрисабз тумани ҳокимлигининг катта мажлислар залида пахта йиғим-терими мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражапов, Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Амановлар иштирок этишиб, туманда пахта йиғим-терими мавсумига масъул шахслар, маҳалла фуқаролар йиғини раислари, фаоллари ва теримчи отряд раҳбарлари билан суҳбатлашишди.
— Шуни таъкидлаш жоизки, бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида отряд раҳбарлари муносиб равишда тақдирланишади, — дейди вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Ражапов. – Ҳар бир отряд раҳбари теримга тушурилмасдан олдин 2 миллион сўм миқдорда ойлик иш ҳақи билан таъминланиши, бундан ташқари, отряд раҳбарлари ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб, вилоят ҳокимининг музлаткич, кир ювиш машинаси ёки газ плита каби қимматбаҳо совғаларидан бирини танлаши ҳам мумкин. Албатта, буларнинг барчаси сизлар учундир. Шу ўринда вилоят ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Ражапов йиғилишда иштирок этаётган отряд раҳбарлари билан бирма-бир мулоқот ўтказди.
— Мен, мана 2 йилдирки, пахта йиғим-терими мавсумида отряд раҳбари бўлиб келмоқдаман, — дейди Шаҳрисабз тумани Катта Ноқи қишлоғида яшовчи фуқаро Умида Пардаева. – Ўтган йилги мавсумда мен уюшмаган аҳоли орасидан сал кам 200 нафарга яқин теримчиларни жалб этдим. Бу йил ҳам ўзим билан яна шунча теримчилар рўйхатини шакллантирганман. Теримчилар ҳам уюшмаган аҳоли орасидан сараланган, ва ўз хоҳишлари билан рўйхатга олинган.
Йиғилиш сўнггида туман ҳокими Исроил Аманов фуқаролар йиғини раислари, фаоллари ва отряд раҳбарларига терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик, уюшмаган аҳоли орасидан кўнгилли равишда теримчиларни рўйхатга олиш, ўқувчи ёшларни пахта далаларига жалб этмаслик бўйича жиддий топшириқларни бериб ўтди. Қолаверса, пахта далаларида теримчилар учун муносиб шароитларни яратиш, бунда тансиқ таомлар тайёрлаш, куй-қўшиқлар остида концертлар уюштириш каби жиҳатларга асосий эътиборни қаратиш лозимлиги ҳақида таъкидлаб ўтди.


 

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>