Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги маълум қилади

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги маълум қилади

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги мутасадди бўлим ва ташкилот раҳбарлари иштирокида 2020 йил 3 январь куни “Kun.uz” расмий сайтида “Шаҳрисабз туманидаги янги маҳаллада мактаб йўқ, уйлардаги иситиш қозонлари иситмайди” номли сарлавҳа остида чоп этилган мақолани атрофлича муҳокама қилиниб, унда кўтарилган муаммо ва камчиликлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.

Ушбу мақолада журналист Шаҳрисабз туманида жойлашган “Равот” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқароларнинг мурожаатига таяниб, ҳудудда мактаб ва мактабгача таълим ташкилоти йўқлиги ва намунали турар-жойларга коммунал хизмат кўрсатишдаги камчиликлар, яъни, табиий газ таъминоти ва канализация тизимининг мавжуд эмаслиги муаммоларини кўтарган.

Шаҳрисабз туманида жойлашган “Равот” маҳалла фуқаролар йиғини 2019 йилнинг январь ойидан фуқаролар йиғини сифатида юридик мақомга эга бўлиб, ўз фаолиятини йўлга қўйган. Ҳозирги кунда, ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида 514 та хўжалик мавжуд бўлиб, унда жами ҳисобда 2 минг 522 нафар киши истиқомад қилишади.

Шуни қайд этиш жоизки, бугунги кунда мактаб ёки мактабгача таълим ташкилотини қуриш, унинг фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш республика бюджети маблағлари ҳисобидан инвестиция дастурига киритиш орқали амалга оширилади. Чунки, 500 ўринга мўлжалланган 1 та умумий ўрта таълим мактабини қуриш учун камида 7-8 миллиард сўм маблағ зарур бўлади. Бундай катта маблағни туман маҳаллий бюджети ҳисобидан амалга оширишнинг имконияти йўқ. Шуни эътиборга олиб, ҳудудда умумий ўрта таълим мактабини қурилишини 2021 йил инвестиция давлат дастурига киритиш режалаштирилган.

Жойларда мактаб ёки мактабгача таълим биноларини қуриш, аввало, ҳудудлар ўрганилиши орқали аҳолининг қатлами, яъни ёшидан келиб чиқиб белгиланди. Тумандаги “Равот” маҳалла фуқаролар йиғинида қурилган янги турар-жойларга аҳоли ҳозирга қадар тўлиқ кўчиб ўтмаганлиги, боғча ва мактаб ёшидаги болаларнинг сони жиҳатдан статистик маълумот шаклланмаганлиги сабабли ушбу ҳудудда 520 ўринли мактаб биносини қуриш масаласи бироз орқага сурилган. Қолаверса, “Равот” маҳалла фуқаролар йиғинига яқин ҳудудда жами 3 та умумий ўрта таълим мактаби мавжуд бўлиб, уларгача бўлган масофа юқоридаги мақолада келтирилганидек 10 км эмас, балки 1,5-2 кмни ташкил этади. Яна шунингдек, ушбу ҳудудда Шаҳрисабз шаҳар автоуюшмаси томонидан 2-йўналиш бўйича дамас русумли транспорт қатнови ҳам йўлга қўйилиб, ўқувчиларнинг мактабга қатнашлари учун шароит яратилган. Бундан ташқари юқоридаги 3 та умумий ўрта таълим мактабларида “Равот” маҳалласида яшаётган ўқувчиларни тўлиқ умумий ўрта таълимга қамраб олиш имконияти мавжуд.

Тўғри, ўтган 2019 йил декабрь ойида “Равот” маҳалла фаоллари ҳудудда янги умумий ўрта таълим мактабини қуриш бўйича туман ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилишган. Уларнинг мурожаати туман ҳокимлигининг мутасадди бўлимлари томонидан чуқур ўрганиб чиқилиб, ҳудудда янги 520 ўринли мактаб биносини қуришда 2021 йил инвестиция дастурига киритиш бўйича вилоят халқ таълими бошқармасига тавсия берилган. Бундан ташқари, туман халқ таълими бўлими 2020 йил 3 январида ушбу мактаб биноси қурилишини 2020 йилнинг қўшимча инвестиция дастурига киритиш бўйича ҳам вилоят халқ таълими бошқармасига таклиф берган.

Яна шунингдек, мақолада Шаҳрисабз туман “Равот” маҳалла фуқаролар йиғинида мактабгача таълим ташкилоти йўқлиги масаласи ҳам кўтарилган.  Бу бўйича шуни маълум қиламизки, 2019 йилда туман ҳокимлиги томонидан ушбу ҳудудда давлат шерикчилиги асосида 150 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилотини қуриш бўйича ер ажратилган бўлиб, ҳозирда лойиҳа-смета ҳужжатлари ниҳоясига етказилаяпти. Ушбу мактабгача таълим муассасаси ажратиладиган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига жорий йилда қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Тўғри, юқоридаги мақолада “Равот” маҳалласида қурилган намунавий уйларни куз-қиш мавсумида иситишда табиий газ билан таъминланмаганлиги муаммоси ҳам кўтарилган. Туман газ таъминоти бўлимининг билдиришича, 2017 йилда ушбу намунавий турар-жойларни барпо этишда лойиҳа смета ҳужжатларида табиий газ билан таъминлаш масаласи қўйилмаган ва бу борада бўлим билан буюртмачи ҳеч қандай шартнома имзоланмаган. Яъни, лойиҳада бу турар-жойларни муқобил энергия ҳисобига иситиш назарда тутилган. Ушбу уйларнинг табиий газ билан иситилмаслиги туфайли, нарх-навосини тушириш билан боғлиқ масалалар уй эгалари билан буюртмачилар ўртасида тузилган шартномага асосан юридик жиҳатдан ҳал қилиниши мумкин. Чунки, уй эгалари ушбу уйларни қабул қилиб олишаётган чоғида шартномаларга имзо чекиб, уни юридик жиҳатдан тасдиқлашган.

“Равот” маҳалласидаги намунали турар-жойларга сифатли коммунал хизмат кўрсатиш, уларни иккиламчи сифатли ёқилғи маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича мутасадди ташкилотларга топшириқлар берилди.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги мақолада кўтарилган муаммоларни бартараф этиш бўйича келгусида барча чора-тадбирларни кўради.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари

Расмий сайт: http://shahrisabzt.uz

Telegram: https://t.me/shahrisabz_t

Facebook.com: https://www.facebook.com/Shahrisabz.tumani/

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>