“ҲОКИМ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ” – ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИНГ АВЗАЛЛИКЛАРИ ОЧИБ БЕРИЛДИ

“ҲОКИМ ВА ЁШЛАР УЧРАШУВИ” – ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИНГ АВЗАЛЛИКЛАРИ ОЧИБ БЕРИЛДИ

Оилавий тадбиркорлик бугун аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, иқтисодий манфаатдорлиги ўстириб боришда муҳим омил бўлиб ҳизмат қиляпти.

Жорий йилнинг 14 февраль куни Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Аманов тумандаги “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 26-сонли умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, шу ердаги ёшлар вакиллари билан учрашди.

Унда туман ҳокимининг мутасадди ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, тадбиркорликка хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассислари, 200 нафарга яқин ёшлар иштирок этишди.

Дастлаб, туман ҳокими Исроил Аманов Давлатимиз раҳбарининг Парламентга қилган Мурожаатномасида ёшларга оид Давлат сиёсатини рўёбга чиқаришда 2020 йилда амалга ошириладиган муҳим вазифалар хусусида атрофлича фикр билдирди.

— Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, юртимизда рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларни жадал давом эттириш ва уни янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номлади, — дейди Исроил Аманов. – Айнан шу мақсад йўлида Юртбошимиз ёшларни олий таълимга қамровини янада кенгайтириш, уларга бу борада қулай имкониятлар яратиш мақсадида 2020 йилда олий таълим муассасалари давлат грандлари ҳажмини 2 бараварга ошириш таклифини билдирди. Бундан ташқари, ҳозирги кунда хорижий давлатларнинг олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабаларга Ўзбекистонга ўқишларини давом эттириш учун давлатимиз томонидан имкониятлар ҳам тўлиқ яратилиб берилди.

Президентимиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларга муносиб, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиб бериш, ёшларни кичик бизнес, тадбиркорлик, оилавий тадбиркорликка кенгроқ тортиш масалаларига алоҳида тўхталаркан, бу борада барча бўғиндаги раҳбарлар олдига муҳим масалаларни қўйди.

Жорий йилда кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик, оилавий тадбиркорликка ажратиладиган имтиёзли кредитлар ҳажми ҳам ўтган йилларга нисбатан анча оширилди. Масалан, ҳар бир ёш оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш учун 30 миллион сўмгача бўлган имтиёзли кредит оладиган бўлса, банк муассасалари ундан гаров талаб қилмайди. Балки имтиёзли кредитга олинадиган ишлаб чиқариш воситалари гаров бўлиб хизмат қилади. Фақат ёшларимиз ишлаб чиқариш, деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик, ёки хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасида бўладими, асослантирилган лойиҳаларни банкка тақдим этишлари зарур бўлади. Қолаверса, бу бизнес лойиҳаларни тайёрлашда банкларнинг мутасадди ходимлари уларга беғараз амалий ёрдам кўрсатади ва ўз маслаҳатларини беришади. Агар ҳар бир ёш ўзим ва дўстимнинг бандлигини таъминлайман, деган шиор остида бизнес соҳасига қўл ўрса, у албатта, яхши натижага эришади, оиласининг иқтисодий имкониятларини мустаҳкамлайди.

Шундан сўнг, ёшлардан паррандачилик, балиқчилик, иссиқхоналар ташкил этиш, кичик саноат корхоналарини йўлга қўйиш бўйича банклардан имтиёзли кредитлар олиш юзасидан таклифлар билдирилди ва уларнинг ҳар бири шу жойнинг ўзида мутасадди банк ходимлари иштирокида ўрганиб чиқилиб, эътиборга олинди.

Учрашувда тумандаги “Миллий банк” АЖ, “Туронбанк” АТБ, “Халқ банки” АТ, “Микрокредитбанк” АТБ, “Агробанк” АТБ Шаҳрисабз филиаллари вакиллари кичик бизнес хусусий тадбиркорлик, оилавий бизнесни ривожлантириш бўйича 2020 йилда ажратилаётган кредитлар тақдимотини ҳам ўтказишди.

— Жорий йилда ёшларимиз биргина оилавий тадбиркорлик бўйича 60 дан зиёд турдаги банкларнинг йиллик 16 фоизли имтиёзли кредитлари олиши мумкин, — дейди «Милий банк» АЖ Шаҳрисабз филиали раҳбар ўринбосари Руслан Азизов, — Лекин, ёшлар бизнес лойиҳаларни тайёрлашда бугунги нафақат ички, балки ташқи бозор талабларини ҳам чуқур эътиборга олишлари керак. Чунки, қачон маҳсулот экспортга йўлалтирилса, бундан тадбиркор кўпроқ фойда кўради ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш, кенгайтириш имкониятлари юзага келади. Масалан, ҳозир дунёнинг кўплаб давлатларида “3D принтер” лойиҳаси кенг қўлланилмоқда. Бу принтер уч ўлчамли бўлиб, ишлаб чиқариш учун зарур бўлган мураккаб деталларни пластикдан ясашга мўлжалланган. Бу жараёнлар компютер дастури орқали бошқарилади. Ускунанинг умумий қиймати 37 миллион сўмни ташкил этади.

Ёки бўлмаса, яна бир ускуна ҳақида гапирадиган бўлсак, бу пистани қайта ишлаш кичик линияси бўлиб, у 1 соатда 25 килограмм миқдоридаги пистани стандарт талаблари даражасида қовуриб қадоқлайди. Бу ускунани 1 киши бемалол бошқариш имкониятига эга ҳамда бу ускуна учун катта бино, жой ва ортиқча ҳаражатлар талаб қилинмайди. У электр энергиясидан тажаб фойдаланиш жиҳати билан ҳам аҳамиятлидир. Ушбу ускунанинг ҳозирги кундаги умумий қиймати 25 миллион сўмни ташкил этади.

Бугун мамлакатимизда паррандачилик, балиқчилик кенг ривожланиб бораётганлиги сабабли, парранда ва балиқларни боқишга мўлжалланган омухта емга бўлган талаб ҳам ўсиб бораяти. Шунинг учун, ёшларимиз мана шу омухта емни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни тайёрласалар, бундан яхши фойда кўришлари мумкин. Масалан, парранда ва балиқ емини ишлаб чиқариш учун кичик линия турли озуқаларни аралаштириб, юқори босим билан пресслаб, тайёр маҳсулот кўринишига  келтириб беради. Линея ярим автомат бўлиб, ундан фойдаланиш жуда осон. Ускунанинг қиймати ҳозирки нархда 32 миллион сўмни ташкил этади.

Яна бир бизнес лойиҳа ҳақида гапирадиган бўлсак, бу вакуум сублимацион қуритиш линияси бўлиб, ушбу ускуна ёрдамида турли мевалар, сабзавот полиз экинлари, кўкатлар, гўшт маҳсулотларини сифатли қуритиш мумкин. Вакуум сублимацион қуритиш ёрдамида маҳсулот 98 фоиз витаминларини ўзида сақлаб қолади ва унинг ташқи кўриниши деярли ўзгармайди. Шунингдек, бу услуб билан қуритилган маҳсулотларни керакли миқдорда қадоқлаб, 30 йилгача сақлаш имконияти мавжуд. Эътибор беринг, маҳсулот 30 йилда ҳам ҳиди, ранги, сифати ўзгармайди ва барча витаминларини ўзида сақлаб қолади. Бу услуб билан қуритилган маҳсулотларга Европа давлатлари бозорларида қатта талаб мавжуд. Ускунанинг қиймати ҳозирги нархда 460 миллион сўмни ташкил этади.

ҲОКИМ ЁШЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

Шу куни Шаҳрисабз туман ҳокими ёшларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларин тинглади. Ушбу қабулда туман ҳокимининг мутасадди ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда банк муассасалари вакиллари иштирок этишди.

Қабул жараёнида ёшларнинг тадбиркорлик бўйича имтиёзли кредитлар олиш, иш билан таъминлаш, уй-жой ва бошқа масалалар бўйича жами 32 та мурожаатлари ўрганилиб, шуларнинг 4 таси шу жойнинг ўзида ҳал этилди, 16 таси ўрганиб ҳал этиш учун мутасадди ташкилотларга муддатлари белгиланиб тавсия қилинди, 10 тасига ҳуқуқий тушунчалар берилди ва 2 таси рад этилди.

Сарварбек Примов

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

You may use these <abbr title="HyperText Markup Language">HTML</abbr> tags and attributes: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <s> <strike> <strong>