ПИЛЛА ХОМАШЁСИДАН ТАЙЁР МАҲСУЛОТГАЧА

ПИЛЛА ХОМАШЁСИДАН ТАЙЁР МАҲСУЛОТГАЧА

Мамлакатимизда пиллачилик саноатини йўлга қўйиш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг турларини кенгайтириш, шунингдек, пиллачилик тармоғи корхоналарининг экспорт ва инвестиция фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар пилла хомашёси етиштириш ҳажмини ошириш, уни қайта ишлаш ҳисобига экспортбоп ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, шунингдек, республикамизнинг чекка ҳудудларидаги аҳоли, айниқса аёллар бандлигини таъминлаш имконини берди.

Жорий йил бошидан қўрилиши йўлга қўйилган “Shakhrisabz silk production” МЧЖ корхонасига Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ ва Чироқчи туманлари пилла хомашёсини етказиб бериш бўйича бириктирилган бўлиб, лойиҳа қиймати 5 миллион долларни ташкил этадиган мазкур МЧЖда пилладан ипак толаси, ярим тайёр мато ва тайёр маҳсулот гилам ишлаб чиқарилиши ҳам йўлга қўйилади.

Бутун дунё бозорида маълум ва машхур бўлган Афғонистон гиламларини тўқиш ва уни экспорт қилиш ишлари ҳам айнан мана шу корхона орқали амалга оширилади.

Бу борада амалга оширилаётган ишлар борасида Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Хасанов яқиндан танишиб, корхонанинг келажакдаги фаолиятида  пилла хомашёсини нафақат мато балки, ушбу матодан тайёр бўлган маҳсулот турлари сонини ошириш каби масалаларга ўз этиборини қаратди. Пилла хомашёсидан тайёрланган ҳар қандай маҳсулот эса ўз навбатида жаҳон бозорида ҳам талаб жуда юқори эканлиги барчамизга маълумдир.

Ушбу корхона ўзида 400 нафар кишини доимий, 8500 нафар кишини эса мавсумий иш билан таъминлаши кўзда тутилган. Ҳозирда эса гилам тўқиш ва тайёрлаш ишларига қизиқувчан, ишлаш нияти бор ёш хотин-қизлар жалб этилиб, улар учун махсус ўқув-амалий курслар ташкил этилмоқда.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги матбуот хизмати