
Ҳоким ва ёшлар учрашуви
Жорий йилнинг 21 февраль куни Шаҳрисабз туманининг “Мевазор” маҳалла фуқаролар йиғини 16-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида анъанавий равишда ҳоким ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда тумандаги барча корхона, ташкилот, муассасанинг раҳбар ва ҳодимлари, бўлим бошлиқлари ва ёшлар иштирок этишди.
Ушбу учрашувда туман ҳокими Исроил Аманов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Давлатимиз раҳбари 2020 йилни “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берди, — дейди Исроил Аманов. – Бунинг замирида эса мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадлари мужассамдир.
Шундан сўнг, учрашувда иштирок этаётган ёшлар ўз масалалари юзасидан туман ҳокимига тўғридан-тўғри мурожаат қилишди. Жойида ҳал қилиш имкони бўлган оғзаки мурожаатлар қаноатлантирилди. Атрофлича ўрганиш тақозо этиладиган масалаларни ҳал этиш юзасидан тумандаги ваколатли идораларга топшириқлар берилди.
Учрашув сўнггида тумандаги банк ташкилотлари томонидан имтиёзли кредит асосида тадбиркорлик учун бизнес лойиҳалар тайёрлаган 7 нафар ёшларга туман ҳокими иштирокида сертификатлар топширилди.
Сарварбек Примов
Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари