Ногирон боласи бор оналарга имтиёзлар

Ногирон боласи бор оналарга имтиёзлар

 

Ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, доимий парваришга муҳтож бўлган болаларни парваришлаётган оилаларни давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида, жорий йилнинг 17 феврал кунида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПФ-74 сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра 2022 йил 1 майдан бошлаб ногиронлик пенсиялари, шу жумладан иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсияси ҳамда меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақасининг энг кам миқдори 698 000 сўм этиб белгиланди.

Шунингдек, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 000 сўм миқдорида нафақа тўлови жорий этилди.

Бунда, парваришлаш нафақасини тўлаш ва етказиб бериш харажатлари Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Парваришлаш нафақаси фуқароларнинг Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига қилган мурожаатлари асосида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тайинланади ва тўланади.

Мазкур Фармоннинг I иловасига асосан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача болаларнинг касалликлари рўйхати тасдиқланган бўлиб, туман тиббиёт бирлашмаси 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож болалар тўғрисидаги маълумотларни, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож болаларнинг қонуний вакиллари тўғрисидаги маълумотларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига электрон шаклда тақдим этиб боради.

2022 йилнинг октябрь ойидан бошлаб 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақаларни ҳамда парваришлаш нафақасини фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда «проактив шакл»да тайинлаш тизими жорий этилади.

Бунда парваришлаш нафақаси олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар давлат органларига бормасдан уларнинг мобиль рақамларига нафақа тайинланганлиги тўғрисида хабарнома юборилади.

Бугунги кунда Шаҳрисабз туман бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси бўлими ҳисобидан 18 ёшгача ногиронлик нафақаси олаётган болалар 1083 нафар бўлиб, 415 нафар оналарга парваришлаш нафақаси тайинланиб, тўланиб келинмоқда.