ЖАСОРАТЛИ БЎЛИШНИ ЮРТБОШИМИЗДАН ЎРГАНАЙЛИК!

Кексаларнинг «Яхши-ёмон кунингга шукр қилиб яша, бу Яратганнинг сенга берган синовидир» деган гапларини кўп эшитганмиз. Ҳозир ўйлаб қарасам, бу иборанинг асл маъносини ҳар биримиз бугун юрак-юрагимиздан ўтказаяпмиз.

Мустақилликка эришганимизнинг дастлабки йилларида ҳаётимизда юзага келган мураккаб иқтисодий қийинчиликларни ҳисобга олмаганда шу ўтган йиллар оралиғида бугунгидек оғир синовларга дуч келмагандик. 2019 йилнинг охирида Хитой давлатининг Ухан шаҳрида пайдо бўлган коронавирус балоси бугун бутун дунё аҳлини ниҳоятда саросимага солиб қўйди.

Бошида аксарият давлатлар коронавирус пандемиясининг тарқалишига беписанд қарашиб, унинг олдини олишга барвақт киришишмади. Натижада у айрим давлатлар ҳудудларида кенг тарқалиб, аҳоли саломатлигига очиқдан-очиқ раҳна сола бошлади. Ушбу пандемияга чалинган беморлар сони бу мамлакатларда кун эмас, соат сайин кўпайиб, аҳоли ўртасида ўлим ҳолатлари кескин ортди. Ўша ҳудудларда айримлар, айниқса ижтимоий ҳимояга муҳтож кимсалар ўз вақтида тиббий тез ёрдамдан баҳраманд бўлолмасдан бевақт ҳаётдан кўз юмганлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бу воқеаларга биз телевидения, кундалик матбуот, ижтимоий тармоқлардан бериб борилаётган ахборотлар орқали гувоҳ бўлаяпмиз.

Бугун шулар ҳақида ўйлаганимда, давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда пандемияга қарши курашиш борасида кўрган шошилинч чора-тадбирлари бизни жуда катта талафотлардан асраб қолганлигига амин бўлиб турибман.

Маълумки, 16 мартдан бошлаб мамлакатимизда карантин тизими жорий этилиб, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича бир қатор муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.  

Хорижий давлатлардан махсус чартер рейслар орқали олиб келинаётган фуқароларимиз алоҳида ажратилган жойларда шифокорлар назорати остида карантин даврини ўташаяпти, бу вирусни юқтирган беморлар эса махсус изоляция қилинган шифохоналарда даволанишмоқда. Бунинг учун кетаётган сарф-харажатлар ниҳоятда катта эканлигини балки кўпчилик билмас. Ваҳоланки баъзи бир давлатларда унга чалинган беморлар даволаниши учун ўз ҳисобларидан 60-70 минг долларгача сарфлашга мажбур бўлишаяпти. Бизда эса буларнинг бари давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Мураккаб карантин даврида давлатимиз раҳбари бирор бир оилани эътибордан четда қолдирмай, уларга моддий-маънавий кўмак кўрсатишни инсонпарварлик бурчи деб билдилар. Бу хайрли ишга бюджет ҳисобидан жуда катта миқдорда маблағлар ажратилди. Қолаверса, ушбу хайрли ишга тадбиркорларимиз, барча фуқароларимизнинг ўз ҳиссаларини қўшаётганлиги ҳам халқимизнинг бирдамлиги намоён этаяпти.   

Тўғри, карантин даврида бир-биримиздан масофа сақлаган ҳолда яшашимизга тўғри келаяпти. Аммо, орамиздаги бу меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаяпти. Яъни инсонпарварликка оид халқимизга хос қадриятлар ҳаётмиздан чуқурроқ ўрин эгаллаяпти.

Кекса отахонларимиздан бири суҳбат чоғида эл дардини ўйлаб, ташвишини аритиш учун ўз ҳузур-ҳаловатидан кечган инсоннинг сочида оқ толалар, пешонасида ажинлар кўпаяркан. Буни мен Юртбошимизнинг қиёфасида кўраяпман, деб қолди.

Бу бежизга эмас, албатта. Чунки коронавирус балоси етмаганидек, дастлаб Бухоро вилоятида рўй берган кучли шамол, сўнгра Сирдарё вилоятида юзага келган сув тошқинлари кўплаб аҳолининг уй-жойлари, мол-мулкига катта зарар етказди. Бор-будидан жудо бўлган кишиларнинг не кўйга тушганлигини англаш қийин эмас. Лекин, Президентимиз уларнинг ҳеч бирини ўз дарди-ташвиши билан ёлғиз қолдирмаяптилар. Мана шундай оғир кунларда уларнинг ёнида бўлиб, ташвишларини аритиш учун қўлдан келган барча ёрдамни аямаяптилар. Бугун Сирдарёдаги тошқиндан зарар кўрган қишлоқлар, маҳаллалар, йўллар, бошқа инфратузилмалар батамом янгитдан бунёд этилмоқда. Ушбу хайрли ишларга бутун Ўзбекистон аҳли, айниқса қурувчиларимиз жонбозлик кўрсатишаяпти. Яқин фурсат ичида ушбу масканлар кўз кўрса қувонадиган даражадаги янги қиёфа кашф этади. Бири-биридан кўркам, муҳташам турар жойларда эса келажагимиз ворислари камол топишади.

Шуни фахр билан эътироф этишим керакки, бугун халқимиз мана шундай синовли кунларни енгиб ўтишда жасоратни ва матонатни Юртбошимиздан ўрганишаяпти.

Вақти келиб бу қийинчиликлар унутилади. Лекин у ҳозир бизнинг иродамизни синовдан ўтказаяпти, ҳаётга янгича қарашга, янгича яшашга ўргатаяпти. Бутун барча юртдошларимиз бир халқ сифатида янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳаракат қилишаяпти. Ҳеч шубҳа йўқки, мамлакатимиз яқин орада ижтимоий-иқтисодий қудрати ниҳоятда юксак бўлган давлатга айланади.  

Собир ПРИМОВ,

«KESH» газетаси муҳаррири