Шаҳрисабз тумани ҳокимининг коронавирус пандемияси даврида карантин қоидаларига амал қилиш чора-тадбирлари юзасидан фуқароларга Мурожаатномаси

Қадрли шаҳрисабзликлар!

Бугун коронавирус пандемияси дунё халқлари ҳаётига жиддий хавф туғдирмоқда.

Давлатимиз раҳбари бошчилигида пандемияга қарши курашиш бўйича республика махсус комиссияси томонидан коронавирус пандемиясининг мамлакатимиз ҳудудларига тарқалишини олдини олиш бўйича кўрилаётган муҳим чора-тадбирларга қарамасдан, оҳирги кунларда бу инфексияга чалинганлар сони кескин ошиб борилаётганлиги кузатилмоқда.

Биргина мисол тариқасида айтадиган бўлсак, оҳирги 10 кунликда карантиндан буён қайд этилган фуқаролар ўртасида ўлимлар сони қарийб 2 бараварга ўсди.

Шуни эътиборга олган ҳолда юртбошимиз ўтган хафтада республика фаоллари билан ўтказган барча видеоселектор йиғилишларида коронавирус пандемиясини олдини олиш, ҳар бир фуқарони соғлиғини сақлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларнинг барқарор даромад манбааларини шакллантириш, бозорлар ҳамда савдо дўконларига арзон ҳамда сифатли маҳсулотлар етказиб бериш бўйича раҳбарлар олдига муҳим вазифаларни қўйдилар.

Пандемия сабаб иқтисодиётимизда рўй бераётган қийинчиликларга қарамасдан, ўтган ярим йилликда туманда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Жумладан, саноат ишлаб чиқариш, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104 фоизга, қурилиш эса 102,3 фоизга ўсишга еришилди.

Туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига кўра, жами 19 та лойиҳалар учун 30,3 миллиард сўмлик кредитлар йўналтирилиб, шунинг ҳисобига саноатда 5 та, хизмат кўрсатишда 6 та, қишлоқ хўжалигида 8 та лойиҳалар ишга тушурилиб, 36 та янги иш ўринлари яратилди.

Жорий йилнинг январ-июнь ойларида 4 миллион 450 минг АҚШ доллари қийматида экспорт қилинди. Шундан 2 миллион 921 минг доллари саноат, 1 миллион 529 минг доллари эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўғри келади.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида 182 та лойиҳаларга 42 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Шунинг, 4,5 миллиард сўми оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилди.

Ўтган 6 ойда 127 та кичик бизнес субъектлари янгидан ташкил қилинди. Шу билан бирга фаолияти тўхтаган 35 та кичик бизнес субектлари қайта ташкил этилди.

Карантин муносабати билан чет элдан қайтиб келган 2170 нафар фуқароларнинг 450 нафари бандлиги таъминланди. 44 нафар, оғир турмуш шароитда яшаётган аёллар ишга жойлаштирилди. “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси асосида 266 нафар ёшларга экин экиш учун 1 гектардан ер майдони ажратиб берилди.

Жорий йилда бободеҳқонларимиз давлатга 20,3 минг тонна бошоқли дон топшириб, бу борадаги шартномавий режа 127 фоизга бажарилди. Аҳоли ихтиёрида ҳам 15 минг тонна ғалла қолди.

Пандемия давридан асосий эътибор, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоялаш масалаларига қаратилди. Йил бошидан буён туманимиз миқёсида 3956 та кам таъминланган оилалар рўйхатга олинган бўлиб, шуларнинг 3473 таси камбағалликдан чиқарилди. Бу фуқароларга уйда оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, уларнинг томорқаларида бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, ҳунармадчилик ва касаначилик асосида хотин-қизларни иш билан таъминлаш орқали амалга оширилди.

Тиббий ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий авҳволга тушиб қолган хотин-қизларнинг 19 нафарига тиббий ёрдам, 167 нафарига эса 328 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди ва 4 нафар аёлларнинг уйлари таъмирлаб берилди.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги Президентимиз томонидан қўйилаётган талаблардан келиб чиққан ҳолда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли барча шифохоналар, поликлиникаларнинг моддий-техник базаси имкониятларни ўрганиб чиқиб, бу муассасаларда мавжуд моддий-техникаларни инвентаризациядан ўтказиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан муҳим чора-тадбирларни кўраяпти.

Шу билан бирга туманда мавжуд 19 та дорихоналарда дори заҳиралари ҳам ўрганилиб, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш бўйича ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, аҳоли кўп тўпланадиган бозорларда карантин қоидалари талаблари даражасида тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқариш, корхоналар ва ташкилотларда карантин талаблари бўйича фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан яратилган шарт-шароитлар мунтазам ўрганиб борилиб, бу борада масъул раҳбарларнинг жавобгарлиги ва масъулияти оширилмоқда.

Шуни унутмаслигмиз керакки, соғлимизни асраш ўз қўлимизда.

Энг аввало ҳар бир фуқаро бугунги кунда ўзидаги кибр ва такаббурликни енгиб, уйда кўча-куйда, корхона ёки ташкилотда карантин талабларига тўла амал қилишлари лозим бўлади. Айниқса, оилада кексалар ва ёшларнинг хавфсизлигини таъминлашга оила бошлиқлари ўта масъулият билан ёндашишлари керак. Уйда қариндош уруғларнинг беҳудага тўпланишига йўл қўймайлик, ҳар қандай маросим ва тадбирларни бироз ортга сурайлик, мана шу талабларга амал қилсак, ўзимизни ва оила азоларимизни соғлиғини асраган бўламиз.

Исроил Аманов

Шаҳрисабз тумани ҳокими