ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШАҲРИСАБЗ ТУМАН КЕНГАШИ КОТИБИЯТИ МУДИРИ ВА БОШ МУТАХАССИСЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ШАҲРИСАБЗ ТУМАН КЕНГАШИ КОТИБИЯТИ МУДИРИ ВА БОШ МУТАХАССИСЛАРИ ТАСДИҚЛАНДИ

Жорий йилнинг 12 январь куни VI чақириқ халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгашининг йигирма тўртинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, бўлим ва бошқарма бошлиқлари, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар ҳамда жамоат ташкилоти вакиллари иштирок этишди.

Сессияни Шаҳрисабз тумани ҳокими, халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани Кенгаши раиси Самад Хасанов очди ва бошқариб борди.

Сессия кун тартибида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатнома мазмун-моҳиятини тарғиб этиш ҳамда белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда ҳудудий дастурларни тайёрлаш тўғрисида”, “Халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани Кенгаши котибиятини ташкил этиш тўғрисида”, “Халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани Кенгаши котибияти мудирини тайинлаш тўғрисида”, “Халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани Кенгаши котибияти бош мутахассисларини тайинлаш тўғрисида”, “Халқ депутатлари Шаҳрисабз тумани Кенгаши котибияти фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида”, шунингдек, “Давлат тилида иш юритишни самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги масалалар муҳокама қилинди.

Дастлаб, сессия кун тартибидаги биринчи масала юзасидан Шаҳрисабз туман ҳокими Самад Хасанов Давлатимиз раҳбарининг ўтган 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқиб, жойларда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида атрофлича тўхталиб ўтди.

Шундан сўнг, халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши котибиятини ташкил этиш, унда кўрсатилган мудир ва бош мутахассисларга тегишли номзодларни тасдиқлаш масаласи кўрилди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг, халқ депутатлари Шаҳрисабз туман Кенгаши котибияти мудири лавозимига 7-Боғишамол сайлов округидан туман Кенгаши депутати Мамадиёров Луқмонжон Қаршиевич тасдиқланди. Белгиланган тартиб бўйича котибиятнинг 2 та бош мутахассислигига Хасанов Жахонгир Нишанович ҳамда Примов Сарварбек Собировичлар ҳам туман Кенгаши депутатлари томонидан тасдиқланди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан туман Кенгаши депутатлари тегишли қарорларни қабул қилиб, сессия ўз ишини якунлади.

Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ахборот хизмати