
Муносабат
Муносабат
Яқинда “Facebook” ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси У.Миралиев ўзининг тармоқдаги саҳифасида тоғли Ҳисорак қишлоғи тоғ ён бағирида картошка етиштириш учун ташкил этилган экин майдонларда мазкур ҳудудга туташ бўлган “Кўл” маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари e.auksion.uz электрон савдо платформаси орқали ютиб олган ерда картошка экишгани ва ундан ҳосил унмаётгани, бунинг сабаби эса сув бўлмаганлиги тўғрисида эътироз билдирилган видеомурожаатни жойлаган эди.
Мурожаатда бир гуруҳ фуқаролар туман ҳокими томонидан мажбурий асосда ер ажратиб берилгани, шунингдек, дастлабки ишларни бошлаб олишлари учун имтиёзли кредит ажратиш, ҳосил йиғиб олинмагунча кредит тўловларини тўламаслик шартлари айтилганлиги тўғрисида баён қилишган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
2 августдаги 479-сонли Қарорига мувофиқ Шаҳрисабз туманининг тоғолди ҳудудларига “Тамшуш” дарёсидан сув қувурларини тортиш ва бошқа ирригация тадбирларини амалга ошириш орқали ушбу ҳудудларда босқичма-босқич лалми ерлар ва яйловларни ўзлаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилиб, мазкур тадбирларни амалга оширишда бюртмачи “Ягона буюртмачи хизмати” Инженеринг Кампанияси ва бош пудратчи “ЎЗГИДРОТЕХНИК” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.
Ҳозирга қадар ҳудудда 26,5 км.лик сув қувури ётқизиш ва монтаж ишлари бажарилиб, шундан, ҳудуддаги 16,0 км масофага полиэтилен қувурлардир. Қолган 10,5 км.лик масофада темир қувурларни ташкил этади. Албатта, ушбу катта кўламдаги ишлар “Кашкадарё Махсуссувлойиҳа” МЧЖ томонидан лойиҳалаштирилиб, режага асосан қурилиш ва монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Ушбу ҳудудда ернинг ҳосилдорлик даражаси ҳам таҳлил этилиб, энг юқори кўрсаткичга эга бўлган қисми 50 сотихдан лотларга ажратилиб, очиқ электрон аукцион савдоларга чиқарилган. Шунингдек, мазкур электрон аукцион савдолар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2021 йил 24 ноябрдаги 709-сонли Қарори асосида ташкил этилиб, унга кўра Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини ижарага беришнинг МАЪМУРИЙ РЕГЛАМЕНТИ тасдиқланган.
Ҳужжатга кўра, деҳқон хўжалиги сифатида ерни ижарага бериш ва очиқ электрон савдосини ташкил этиш ишларида маҳаллий ҳокимиятлар аралашуви бекор қилинган.
Лекин, шундай бўлишига қарамай, Шаҳрисабз туман ҳокимлиги фуқароларнинг ҳар қандай мурожаатини ўрганиш, унга ечим излаш, инсон қадри ва манфаатларини ҳар нарсадан устун қўйиш бугунги давр талабларидан бири эканлигини билган ҳолда, мурожаат бўйича туман ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Рустамов бошчилигида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат жойига бориб ўрганилди.
Ўргани натижаларига кўра, бугунги кунгача тоғли ҳудуддаги 5 та МФЙлардан ер олиш истаги бўлган фуқаролар “Е-аукцион” савдоларига ихтиёрий қатнашиб, 458 та лотлардан 229,6 гектар ер майдонлари аукциондан ютиб олинган.
Хусусан, ижтимоий тармоқда мурожаат қилган кишилар, “Кўл” маҳалласида яшовчи 14 нафар фуқароларимиз ҳам олдиндан ўзлаштирилаётган ер майдонларини кўриб чиқиб, деҳқончилик учун қулай бўлган лотларни танлаб, очиқ электрон савдодан биринчилардан бўлиб ютиб олган.
Шунингдек, видеомурожаатда фуқароларимиз туман хокими сув билан таъминлаб бермаганлигини айтиб ўтган. Лекин ҳолат жойига бориб ўрганилганда, “Кўл” қишлоғидаги фуқароларга тегишли бўлган деҳқон хўжалиги майдонида ҳокимликнинг ташаббуси билан лойиҳадан ташқари
60 млн. сўмлик қўшимча 610 метр полиэтилен қувурлари ётқизилганлиги ва экин ерларни суғориш билан боғлиқ муаммо йўқлиги аён бўлди.
Видеода акс этган тасвирлар эса мурожаатчи фуқароларнинг ерга, экинга бўлган эътиборсизлиги оқибатида юзага келган. Шу ўринда мазкур контурга туташ бўлган деҳқон хўжалиги майдонида фаолият кўрсатаётган “Ҳисорак” МФЙда яшовчи Раҳмонқул Файзиддиновнинг парваришлаётган картошка экини ҳосилдорлик кўрсаткичи анча юқори эканлигини кўрсатмоқда. Бундан кўринадики, мурожаатдаги деҳқон хўжалиги эгалари доимий равишда даланинг бошида бўлмай, назоратдан чиқаргани, экинларни суғориш ва ниҳоллар гуллаш палласида келганида уни парваришлашда эътибор қаратмаганлигини кўрсатмоқда.
Шунингдек, видеомурожаатда туман хокими мажбурлаб кредит олдирганлиги таъкидланганини кўришингиз мумкин. Амалдаги қонунларимизга кўра, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 20 декабрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-55-сонли Қарори доирасида имтиёзли кредит маблағлари бевосита маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиларининг тавсияси асосида ажратилиши, бунинг учун фуқаролар, аввал, электрон шаклда ариза беришлари лозимлиги белгиланган.
Бундан кўринадики, туман ҳокими кредит ажратиш масалаларига ўз ваколати доирасида аралаша олмаслигини кўрсатади.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, фуқароларга яратилаётган шароитлар, аввало, уларнинг иқтисодий имкониятларини яхшилаш, келгуси ҳаётга ишонч билан боқиш ва ҳар қандай орзу ва истаклари рўёбига етказишда бир калит бўлиб хизмат қилади. Албатта, бунинг учун меҳнат қилиш, олдимизда турган ҳар қандай машаққатли йўлларни босиб ўтиш керак. Ана шундагина ҳаётимиз фаровонлашиб, жамиятимиз ривожланишда давом этаверади.